Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаол суд ходимлари ва уларнинг ота-оналари рағбатлантирилди
16:34 / 2023-12-30

Йил якунида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, ижобий натижаларни эътироф этиш келгуси муваффақиятларнинг муҳим омилидир. Наманган вилояти судида бўлиб ўтган тадбирда айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Суд фахрийлари, судьялар ва ходимлар, уларнинг ота-оналари иштирокидаги байрам тадбирида вилоят суди раиси Алишер Усмонов жорий 2023 йил давомида вилоят судларида олиб борилган ислоҳотлар, одил судловни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга тўхталди. Суд тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар одил судлов самарадорлигида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.  

Президентимизнинг тегишли фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган.  

Байрам шодиёналари арафасида кўп йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб борган, ўз вақтида вилоят хўжалик судига раҳбарлик қилган, кўплаб судьяларнинг устози Муслимхўжа Муҳиддиновга мазкур мукофот тантанали  тарзда  топширилди.

Уcтозларнинг ҳаёт йўллари барчамиз учун ибрат мактабидир. Уларга эъзоз ва эътибор кўрсатиш эса эзгу анъана. Шу жиҳатдан, суд фахрийлари Маҳмуджон Қурбонов ва Илҳомжон Эргашевга суд тизимидаги кўп йиллик фидокорона меҳнатлари эътирофи сифатида Олий суд раиси томонидан юборилган байрам табриги ўқиб эшиттирилиб, эсдалик совғалари тақдим қилинди.  

Тадбирнинг яна бир эътиборга молик жиҳати, тизимда самарали фаолият олиб бораётган судья ва суд ходимларининг ота-оналарига ташаккурнома топшириш жараёни бўлди. Зеро, фарзанди ҳақида илиқ фикрлар, унинг орқасидан раҳмат эшитиш ҳар бир ота-она учун энг катта бахт. Бундай шарафга Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг раиси Тожиддин Мадраҳимов, Жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани судининг раиси Бахтиёр Обидов, вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Сардор Одилов ва Наманган туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Толибжон Тўраевнинг ота-оналари лойиқ кўрилди.

Йил  сарҳисоби сифатида ташкил этилган тадбирда ўз фидойилиги билан намуна кўрсатаётган Наманган вилояти судининг бир гуруҳ ходимлари, шунингдек, суд тизими тарихи ва бугунини акс эттирувчи китоб тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган фахрий журналист Раҳимжон Ирисов ҳам эътироф этилди. Бошқа лавозимга ўтган судьялар тантанали тарзда кузатилиб, янги лавозимга тайинланган судьялар таништирилди.  

   

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА мухбири