Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Фаол нуронийлар”, қачон фаол бўласиз?
18:04 / 2025-07-11

Муносабат

Жорий йилнинг 7 июлида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги телеграм каналида Шароф Рашидов тумани ИИБ бошлиғи Хожанов Жўрабек  Мамировичнинг туман аҳлига мурожаати эълон қилинди. Мазкур мурожаат билан танишар эканмиз, унинг тўлиқ  матнини эътиборингизга ҳавола қилиб, кўнглимиздан кечган фикр-мулоҳазаларимизни билдиришни лозим топдик.

Шароф Рашидов тумани ИИБ бошлиғи Хожанов Жўрабек  Мамировичнинг туман аҳлига мурожаати

“Қадрли отахон ва онахонлар!

Азиз ёшлар!

Ҳурматли Шароф Рашидов тумани аҳолиси!

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида “Инсон қадри учун!” эзгу ғояси асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли яшаш шароитлари ҳамда маҳаллалар қиёфасини тубдан яхшилаш, аҳолининг муаммоларини тезкорлик билан ҳал етиш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, барча идора ва ташкилотлар ҳамда халқимиз билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 6 ой давомида ўта оғир жиноятлар салмоғи 40 фоиз, қотиллик 50 фоиз, ўлим билан боғлиқ бўлган йўл транспорт ҳодисаси 56,3 фоизга, бошқа жиноятлар эса 25 фоиз камайишига эришилди.

Бироқ, яратиб берилган имкониятларга қарамасдан айрим шахслар ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш, фуқароларни алдаш ва бошқа воситалар орқали уларнинг мол-мулкини эгаллашга уринишмоқда.

Айниқса, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқароларга ҳар хил турдаги таъсир ўтказиш орқали ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини эгаллаш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Ўтган даврда туманимизда содир этилган жами 320 та жиноятлардан 150 таси ёки 46,8 фоизи “кибер” жиноятлар, шундан ахборот технологияларидан фойдаланиб 100 та ўғрилик, 44 та фирибгарлик, 13 та бошқа ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилгани бунинг яққол исботи.

Сўнгги вақтларда авж олаётган замонавий жиноятлардан, ўтган даврда назоратсизлик ҳамда таълим-тарбия ишлари тўғри ташкил этилмагани оқибатида 21 нафар ёш, 1 нафар вояга етмаган, шундан мактаб ўқувчиси томонидан жиноят содир этилганлиги ташвишли ҳолдир.

Яна бир ачинарли ҳолат оилалардаги муҳитни яхшилаш, айниқса, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиб ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда 3 нафар хотин-қиз томонидан жиноят содир этилди.

Бундан ташқари, айрим фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатида ўзларига тегишли мол-мулклар, техника воситалари, чорва моллари ёки уй атрофларини қаровсиз қолдиргани оқибатида ўғрилик жиноятлари содир этилишига имконият яратиб бераётгани ҳам айни ҳақиқат. Бунинг оқибатини 11 та ўғрилик жиноятлари қайд этилганидан кўришимиз мумкин.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан оилавий қадриятларни яхшилаш, қўни-қўшни, аҳоли ўртасида ўзаро иноқликни кучайтириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинаётган бир вақтда, туманимизда 5 та ўртача оғир ва 6 та енгил тан жароҳати етказиш, 2 та оилавий маиший зўравонлик жиноятларининг қайд этилиши бу борада янада эътиборли бўлишимиз ва барча кучимизни бунга қаратишимиз лозимлигидан далолат беради.

Шунингдек, йўлларда автомашиналар сони кундан-кунга ортиб, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширмоқда. Бироқ, айрим ҳайдовчилар йўл белгилари, йўл қоидаларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан тезликни оширгани ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ фуқароларга автомашинани бошқаришга ноқонуний рухсат бергани натижасида, жами 29 та йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан, ўлим билан боғлиқ 7 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги аянчли, албатта.

Ҳурматли юртдошлар!

Туманимизда масъул идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги янги тадбирларни амалга ошириш йўлга қўйилганини маълум қилмоқчимиз.

Жумладан, жиноятларнинг олдини олиш, туманда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.

Шу мақсадда, маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларга 360 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 6 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 106 та, савдо марказлари ва бозорларга 10 та, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари кириш-чиқиш жойларига 55 та, мактабларнинг очиқ спорт майдонларига 29 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи камералар ўрнатилди.

Маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги 467 та хонадонлар техник қўриқловига олинди, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 8 та ташвиш тугмалари ўрнатилди. Шу каби маҳаллаларда 70 та “намунавий хавфсиз йўлак” ва 38 та “намунавий хавфсиз кўча”лар ташкил этилди.

Муқаддам судланган ва маъмурий назоратда турган 27 нафар шахснинг муаммолари ўрганилиши ҳамда 7 нафарининг ижтимоий-маиший муаммолари ижобий ҳал этилди. Натижада, мазкур тадбирлар криминоген вазиятни назорат қилиш, содир этилган жиноятлар бўйича шахсларни тезкорлик билан излаб топиш ҳамда жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Бундан ташқари, содир этилган жиноятларни ҳар куни тезкор таҳлил қилиб, манзилли тадбирларни белгилаш, кунлик сўров ва назорат тизими йўлга қўйилди. Шу билан биргаликда, тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди.

Бундан буён коррупцияга қарши курашиш борасида барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борамиз. Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чораларини кўрамиз.

Азиз ватандошлар!

Албатта, туманимизда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, умуман, барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.

Агарда ҳар бир фуқаро туманимизни жиноятдан, коррупциядан холи, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб биргаликда курашсак, кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.

Қадрли туманимиз аҳолиси!

Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар биримиз ҳушёрликни оширишимиз, шубҳали интернет иловаларига кирмаслик, нотаниш шахсларга ҳисоб рақамлар ва тасдиқлаш кодларини бермаслик, мол-мулкларни қаровсиз қолдирмаслик лозимлиги ҳақида яна бир бор огоҳлантириб ўтмоқчимиз.

Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя қилиш ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутишимиз зарур.

Азиз юртдошлар, келинг, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!”

Маълумки, ижтимоий тармоқ бугун дунёнинг энг улкан ахборот майдонига айланиб қолди ва ундан жамият манфаатлари йўлида унумли фойдаланганлар ютқазмайдилар. 

Янгиланган Жиззах вилояти ҳокимлиги ва айниқса, Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги бу майдондан кенг фойдаланиш йўлини тутмоқда. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати Шароф Рашидов тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи,  полковник Хожанов Жўрабек Мамировичнинг юрт осойишталиги ва тинчлигини кўзлаб, туман аҳлига қилган МУРОЖААТИни ижтимоий тармоққа жойлар экан, эзгу мақсадлар унга қанот бағишлаган, албатта!

Юқорида сизларга тўлиқ матни ҳавола қилинган Мурожаат “ҚАДРЛИ ОТАХОНЛАР ВА ОНАХОНЛАР! — деб бошланади. — АЗИЗ ЁШЛАР! ҲУРМАТЛИ ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИ АҲОЛИСИ!..” Хуллас, МУРОЖААТ манзили ва мазмуни аниқ, лекин уни амалга ошириш йўл-йўриғида, бугунги кун талаблари жиҳатидан,  бирмунча муаммолар бор! 

Тўғри, туман осойишталигини таъминлаш мақсадлари, нечта кўча ва криминоген нуқталарга катта-кичик камера ва радарлар ва ҳоказолар қўйилганию, ички ишлар органлари ходимларининг туну-кун  ўз постида ҳушёр туриши ушбу мурожаатда  алоҳида таъкидланади. Бу тадбирлар халқнинг хотиржам ҳаёт кечириши учун муҳим аҳамият касб этиши табиийдир! Шу ўринда бир савол туғилади: эл-юрт осойишталигини фақат ички ишлар ходимлари ёки фақат радар ва камералар таъминлайдими? Нега  камера ва радарлар хизматидан манфаатдор айрим идораларимиз уларга ёпишиб қолдилар? Афсуски, инсон  омили баъзан мутлақо четга суриб қўйиляпти ёки атайлаб унутилган кўринади!..

Масалан, Шароф Рашидов тумани осойишталигини таъминлашда, халқимиз одатда   нуронийлар деб атаган   кекса авлод ва фахрийларнинг тажрибаси асқотиши мумкинми? Хўш, жамият ҳаётида уларнинг ҳам ўрни ва фаол иштироки ҳақидаги  аждодлардан қолган қадриятларимиз, кекса авлоднинг  панду насиҳатлари қаерда қолди? Халқимиз: “Қариси бор уйнинг париси бор!”,  “Олтин олма, дуо ол!” “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар!” деган пурмаъно нақлларни бекорга айтмаган, ахир... 

Мурожаатнинг асосий қисми жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда профилактик тадбирларга бағшланган. Учинчи йилдирки, нуронийларнинг мамлакат бўйлаб кенг қанот ёзган  “БИР НУРОНИЙ — ЎН ЁШГА МАСЪУЛ” деган ташаббуси ҳам Шароф Рашидов тумани Ички ишлар раҳбариятининг эътиборини тортмаганлиги ажабланарли ҳолдир! 

Мазкур Мурожаатда нуронийлар сўзи ва ўрнига ақалли бир қатра эътибор қилинмагани  ички ишлар ходимларининг  нуронийлар билан  ҳамкорлиги йўлга қўйилмаганидан дарак беради! Жамиятнинг икки кучли армияси  — ички ишлар органлари ва нуроний қўлни-қўлга бериб ҳамкорликда ишлаган  жойларда осойишталик ва фаровонлик ҳукмронлигини кўрамиз! 

Лекин юқоридаги жузъий камчиликларга қарамай, туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи муҳим ташаббус билан майдонга чиққанлигидан асло кўз юмиш мумкин эмас! 

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Шароф Рашидов тумани нуронийлари республикада энг яхши ўринларда туради ва умуман, туман ва вилоят нуронийлари етакчилари катта тажрибага эга бўлган жамоат арбоблари саналадилар.

Шароф Рашидов туманида осойишталик посбонлари ва нуронийлар ҳамкорлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аждодларимиз мероси ва миллий  қадриятларимиздан келиб чиқиб, “НУРОНИЙЛАР — МАҲАЛЛА ТАЯНЧИ!” деган талаблари асосида қайта кўриб чиқишлари керакка ўхшайди! 

Маълумки, муҳтарам Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланган ушбу ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди ва жойларда ўз самарасини бермоқда! Бу ташаббуслар наҳотки Жиззах томонларга, хусусан, Шароф Рашидов туманига етиб бормаган бўлса!?

Юртбошимиз шу йил 5 мартда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида сўзлаган тарихий нутқида коррупцияга қарши кураш — мамлакатда камбағалликни қисқартириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, ёшларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлар эканлар, коррупцияга қарши курашни умумхалқ ҳаракатига айлантириш вазифасини олдимизга кўндаланг қўйдилар! Худди ана шу вазифада авангардлик ролини ўташлик мақсадида муҳтарам Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан мамлакат миқёсида салкам 29 минг ФАОЛ НУРОНИЙ қанотлари яратилди! Нуронийларнинг ушбу қудратли қаноти фахрийларимиз  учун  ғоятда шарафли вазифа  бўлиб, айни пайтда, шубҳасиз, катта масъулият ҳамдир! 

Бу ташаббуснинг самарали натижалари фахрийларнинг қудратли қанотидан оқилона фойдаланаётган Тошкент вилоятида айниқса, кўзга ташланмоқда. Бир вақтлар Зоир Тойирович Мирзаев “ҳоким ёрдамчилари” корпусидан кўнгли тўлмай, уларни алоҳида имтиҳон қилар экан, ўзи бош бўлган аттестация жараёнида  бир гуруҳ ҳоким ёрдамчиларини аямай ишдан бўшатиб юборганди! Бугун ҳам Зоир Мирзаев “фаол нуроний”ларни имтиҳон қилар экан, айрим туман ва шаҳарларда “нуроний фаоли” деб рўйхатга олинган “фаоллар” ўзининг янги вазифасидан  мутлақо бехабар  эканлиги маълум бўлди!..

Нуроний фаолларига бўлган худди шундай талабчанлик Сурхондарё вилоятида кўзга ташланади. Вилоят ҳокими Улуғбек Бердиқобилович Қосимов вилоят нуронийлари сардори Орзиқул Соатов билан ҳамкорликда фаол нуронийларнинг 1100 кишилик семинарини ўтказиб, бундай имкониятни яратган муҳтарам Президентимизга чексиз миннатдорлик изҳор этган ҳолда, фаол нуронийларни халқимизнинг жойлардаги кўзи-қулоғи ва  маҳалланинг қудратли қаноти деб атади! Сирдарё, Наманган, Бухоро вилоятларида ҳам ФАОЛ НУРОНИЙлар ҳаракатида ижобий силжишлар кўзга ташланади. Бироқ, афсуски, кўпгина вилоятларда бунинг аксини кўриш мумкин.

Нуронийлар фаоллиги энг биринчи навбатда, нималарда кўринади? Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит соғломлигини, оилалар тинч-тотувлигини асраш, ёшлар тарбиясига масъуллик, “Камбағалликдан — фаровонлик сари” Дастури ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш каби масалаларда кекса авлод вакилларига билдирилган ишончни оқлаш, Янги Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлиш ҳар бир нуронийнинг зиммасидаги бурчдир. Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтириш масъулияти зиммасида турган нуронийларнинг “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журналига обуна масаласи ҳам бу борада фаол нуронийлар юзига тутилган адолатли ойна демакдир! Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида “Нуроний” газетаси ва журналига обуна даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  уч-тўрт баробар ўсгани ҳолда, айрим вилоятларда орқага кетган. Ҳатто айрим жойларда (Тошкент шаҳри, Сирдарё, Андижон вилоятларида) жорий йилнинг иккинчи ярмида обуна даражаси ҳеч бир муболағасиз, эътиборсиз қолдирилмоқда. 

Нега матбуотга алоҳида урғу берилмоқда? Матбуотсиз коррупцияга қарши курашмоқ — бўрига қарши қурол-яроқсиз чиқиш билан баробар демакдир! Фаол нуронийлар олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда матбуотнинг, айниқса, махсус тармоқ нашрларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир, “Нуроний” жамғармасининг ҳудудлардаги бўлимлари мутасаддилари бундан етарли хулосалар чиқарадилар, деб умид қиламиз.

Мақсадимиз — маҳаллаларимиз тинч, осойишта ва янада обод бўлсин! 

Бинобарин, Шароф Рашидов тумани ички ишлар раҳбарининг Мурожаатидан катта муаммо ясаш ниятимиз йўқ, албатта.  Бугун  сифат ва ишчанлик борасида мутлақо янгиланган вилоят раҳбарияти ва шу жумладан, Шароф Рашидов туманида катта ютуқлар қўлга киритилмоқда ва бунда, шубҳасиз, нуронийларнинг муносиб ҳиссаси бор.

Мамлакатимиздаги барча туман ва шаҳарлар, жумладан, улуғ устозимиз, атоқли давлат арбоби, севимли ёзувчимиз Шароф Рашидов номи билан аталган туманимиз ҳам ҳар жабҳада илғор ва намунали бўлса, деб  орзу қиламиз ва бу йўлда, албатта, нуронийларнинг ўрни ва ролига эътибор қаратилишига умид билдирамиз! 

Шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтмасак бўлмайди, айрим шаҳар ва туманларда, аҳолига юқоридагидек мурожаатлар қилинганида ва жамият ҳаётидаги бошқа муҳим масалаларда кекса авлод вакилларининг  роли ва ўрнига эътиборсиз қаралаётганида биз, нуронийларнинг ҳам айбимиз йўқ эмас!

Ҳудудлар ободлиги, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ижтимоий-маънавий муҳит соғломлигини асраш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда давлат ва жамоат ташкилотларидан таклиф кутиб ўтирмай, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган юксак ишончга суяниб, энг аввало, нуронийларнинг ўзи фаоллик билан ташаббус кўрсатиши зарур! Шундагина нуронийлар жамиятнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётидаги ҳақиқий фаол кучига айланадилар! 

 Шароф Убайдуллаев,

“Нуроний” жамғармаси Республика 

бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари

ЎзА