Тошкент вилоятида ташкил этилган “Касаба уюшмалари ҳақидаги энг яхши мавзу” танлови ғолиблари аниқланди.
11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилоят Кенгаши, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент вилояти бўлими ва ҳамкор ташкилотлар томонидан рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиб, онлайн тарзда ташкил этилган ушбу танловга вилоятдаги матбуот, телевидение, радио ва интернет платформаларида фаолият юритаётган журналистлар, шоирлар ҳамда мустақил ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан кўплаб ижодий ишлар қабул қилинди.

Ҳакамлар ҳайъати барча ижодий ишларни низом асосида холис баҳолаб, ғолибларни аниқлади. Хусусан, “Энг яхши мақола” номинацияси бўйича “Чирчиқ тонги” газетаси бош муҳаррири Ирода Муҳамедазизова муносиб кўрилди. “Энг яхши теле ва радио репортаж” номинацияси бўйича “Тошкент вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси Телевидение гуруҳининг катта муҳаррири Гулнора Отажонова, “Касаба уюшмалари тўғрисида энг яхши шеър” номинацияси бўйича эса Нурафшон шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманининг “Машъал” ижтимоий-сиёсий газетаси бўлим мудири Маъмуржон Бозоралиев лойиқ топилди.

Тақдирлаш маросимида вилоят Кенгаши раиси С.Файзиева, Нуроний жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари А.Носиров, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Р.Шералиев, вилоятдаги турли даражадаги касаба уюшмалари ташкилотлари фаоллари барчага ўз тилакларини билдирди. Ғолиблар ва танловда фаол иштирок этганларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.
А.Мусаев, ЎзА.