Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” 2024 йил 11 мартдаги 123-сон қарорига:
ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган пайтдан бошлаб ҳар чоракда бир маротаба яшаш шароитлари ишчи гуруҳ томонидан қайта баҳоланиши талабини бекор қилиш;
мультидисциплинар гуруҳ томонидан мониторинг ўтказишда ўзгалар парваришига муҳтож шахснинг яшаш шароитларини қайта баҳолаш, ижтимоий хизматлар самарасини баҳолаш ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режасини қайта кўриб чиқиш ва (ёки) тугатиш;
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва оилавий поликлиникалар томонидан кейинги йил учун шахслар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этиш жадвалини тузиш амалиётини бекор қилиш;
ижтимоий хизматдан фойдаланувчига берилган ваучерни бекор қилиш, ижтимоий хизмат кўрсатувчини “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги “Оила ҳамкори” платформасида рўйхатдан чиқариш асосларини аниқ белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб хулқ-атвори бузилишлари бўлмаган руҳий касаллик бўйича диспансер назоратида турувчи деменция, Паркинсон ёки Альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилган махсус парваришга муҳтож шахслар учун “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ижтимоий хизматларни кўрсатиш жараёнида электрон давомат табелини шакллантириш учун:
а) 2026 йил 1 февралга қадар:
хизматлардан ҳақиқатда фойдаланган шахснинг техник хатоликлар билан киритилган ёки тўлиқ киритилмаган биометрик маълумотларини “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг масъул ходими ва ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан ой якунида тузилган далолатнома асосида қабул қилишга;
Камбағал оилалар реестрига киритилмаган ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олмайдиган шахсга шакллантирилган ваучер асосида хизмат кўрсатилганига;
б) 2026 йил 1 февралдан бошлаб хизмат кўрсатувчи томонидан хизматдан ҳақиқатда фойдаланган шахснинг биометрик маълумотларини тасдиқлаш имкони бўлмаган ҳолларда, ижтимоий хизмат кўрсатилган кунда хизмат кўрсатувчи ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг масъул ходими томонидан “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида электрон шаклда тузилган далолатнома асосида қабул қилишга;
в) 2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий хизматдан фойдаланиш ва ваучерни шакллантириш учун асос ҳисобланган банд бўлиш ёки таълим олиш ёхуд касб-ҳунарга ўқиш мажбуриятини бажарганини текширишга рухсат берилади.
ЎзА