Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги тегишли қарорига мувофиқ “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ижтимоий соҳада навбатдаги муҳим қадам ташланди.

Хусусан, Чирчиқ шаҳрида мазкур дастур асосида замонавий жиҳозланган кундузги парвариш маркази фойдаланишга топширилди. Бинода ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексаларга кундузги парвариш хизматларини кўрсатиш орқали уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Бу орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият билан интеграциясини таъминлаш ва ҳаёт сифатини яхшилаш мақсад қилинган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултоновнинг маълум қилишича, марказ 8 ўринга мўлжалланган бўлиб, у ерда фуқароларга 5 та йўналиш жумладан, уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам, уй шароитида қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш, шахсий ёрдамчи хизматлар кўрсатилади.

Аслида ҳудудда бу каби марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши “Фаол ҳаётга қадам” дастурининг амалий ифодасидир. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш, балки жамиятда меҳр-оқибат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
А. Мусаев, ЎзА