Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Фаол ҳаётга қадам” дастури амалда
01:10 / 2025-07-07

Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилди.

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш кўламини янада ошириш ҳамда ушбу жараёнда хусусий сектор иштирокини рағбатлантиришга қаратилган мазкур дастур доирасида уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш, шахсий ёрдамчи каби янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Дастур доирасида йўлга қўйиладиган ижтимоий хизматлардан фойдаланиш харажатларининг бир қисмини ваучер асосида қоплаб бериш тизими жорий этилди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз раҳбарининг қарори ижроси юзасидан 2025 йил 18 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

“Фаол ҳаётга қадам” дастурини ҳаётимизга изчил татбиқ этиш борасида Наманган вилоятида ҳам амалий ишларга киришилиб, у дастлабки самараларни бера бошлади. Ҳозирги кунга қадар 45 тадбиркорлик субъекти янги ижтимоий хизмат турларини йўлга қўйиш истагини билдириб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасига мурожаат этган бўлса, уларнинг 14 таси ўз фаолиятини бошлаган.

Масалан, Поп туманидаги “Adrenalin Medikal Servis” хусусий корхонаси томонидан барча бешта йўналишда хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кекса ва ногиронлиги бўлган 226 нафар шахсга уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати, ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кекса ва ногиронлиги бўлган 47 нафар шахсга тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати, “Камбағал оила” реестрида турувчи ўзгалар парваришига муҳтож 11 нафар шахсга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Ижтимоий хизматлар орасида анча фаоллашиши ва эҳтиёж катта бўлган кундузги қараб туриш хизмати Уйчи туманида ҳам ўз фаолиятини бошлади. Тумандаги “Шифо даволаш сервис” хусусий корхонасида жорий қилинган ижтимоий хизмат бажариладиган мазкур муассасада барча шароитлар мужассам бўлиб, ҳозирда “Камбағал оила” реестри ва “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестрида турувчи 18 ёшдан катта бўлган етти нафар ўзгалар парваришига муҳтож киши ушбу хизматдан фойдаланиб келмоқда. 

Шунингдек, Косонсой тумани Боғибаланд маҳалласида ҳам кундузги хизмат кўрсатиш хизматлари “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида “Кундузги парвариш хизмати” марказида белгиланган талаб ва мезонлар асосида олиб борилмоқда.

– Янги ижтимоий хизмат турлари ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 дан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги “Камбағал оилалар реестри” ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга нисбатан қўлланилади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Зулайҳо Зайниддинова. – Ҳафтада беш иш куни давомида кунига саккиз соатгача хизмат кўрсатилади. Бундан ташқари, уч маҳал иссиқ овқат ва қатнов учун махсус транспорт воситаси ташкил этилган.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.