Мустақиллик йилларида фуқаролик жамияти институтлари жамият ҳаётида тобора муҳим ўрин эгаллаб, халқ манфаатларини ифода этувчи, давлат билан мулоқот ўрнатувчи кучга айланди. Бу даврда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар, давлат ва жамият муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Айниқса, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIII-боби фуқаролик жамияти институтларига бағишланиши бу соҳанинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Бу даврда соҳага оид 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, нодавлат секторнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилди. Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш ҳамда давлат дастурларида ННТлар иштирокини кенгайтиришга оид аниқ мақсадлар белгилаб қўйилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги фармони орқали фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Улар орасида фуқароларнинг ташаббусли лойиҳаларини давлат ижтимоий буюртмаси орқали қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик экспертизаси ва назоратини кенг жорий этиш, давлат органлари ва ННТлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш каби йўналишлар жамият ҳаётида фаол иштирок этишнинг самарали механизмларига айланди.
Миллий тараққиётнинг ҳар бир босқичида давлат ва жамият муносабатлари янги мазмун касб этиб, “давлат – инсон – жамият” учлигидаги ҳамжиҳатлик замонавий бошқарувнинг асосини яратмоқда. Бунда фуқаролик жамияти институтларининг асосий мақсади давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни маҳаллий даражада ҳал этишга қаратилмоқда.
Бугунги кунда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида сўнгги уч йил мобайнида амалга оширилган ишлар бунинг ёрқин далилидир. Яъни бу даврда вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг 50 дан ортиқ лойиҳалари давлат гранти шаклида қўллаб-қувватланган бўлиб, мазкур лойиҳалар аҳоли муаммоларини манзилли ва амалий ечимлар орқали ҳал этишда муҳим восита вазифасини бажарган. Улар орқали жойларда мавжуд инфратузилма камчиликлари бартараф этилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар қўллаб-қувватланган, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланган, экологик масалалар ечимига кўмаклашилган. Энг асосийси бу ташаббуслар аҳолининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириб, уларда “муаммога бефарқ бўлмаслик” ва “ҳамжиҳатликда ечим излаш” маданиятини шакллантирмоқда.
Мисол учун, “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази ва “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясининг Ғузор, Касби, Китоб туман бўлинмалари томонидан амалга оширилган лойиҳаларда 700 нафардан ортиқ хотин-қизлар қамраб олинган. Мазкур лойиҳалар хотин-қизлар ва ёшларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишда катта аҳамиятга эга. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, иссиқхоначилик каби амалий кўникмалар уларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, шахсий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятини ҳам яратган. Албатта, юзлаб хотин-қизларнинг иқтисодий жараёнларга қўшилиши ҳамда ёшларнинг касб-ҳунарга йўналтирилиши – маҳаллий иқтисодиёт ва ижтимоий барқарорликка тўғридан-тўғри ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, ушбу ташаббуслар аёллар ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали фуқаролик жамиятининг барқарор ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Ёки “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасининг вилоят филиали томонидан амалга оширилган лойиҳани ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантиришда самарали механизм сифатида баҳолаш мумкин. Лойиҳа доирасидаги семинарлар, маҳорат дарслари ва бизнес марафонлар орқали ёшлар замонавий бозор талабларига мос билим ва кўникмаларга эга бўлган. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш эса ижтимоий тенглик ва инклюзив ривожланишга хизмат қилган. Энг яхши бизнес режаларни кредитлаш имконияти ғояларни ҳақиқий ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятига айлантиришга ёрдам берган.
Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг вилоят филиали томонидан амалга оширилган бир қатор лойиҳалар ёшлар ва аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, эрта никоҳ оқибатларининг олдини олиш ҳамда оилавий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этган. Жумладан, лойиҳалар жараёнида 10 минг нафарга яқин хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилишига кўмаклашилган. Бу каби ташаббуслар эса оилаларда соғлом муҳит ва барқарорлик таъминланишига хизмат қилиб, аҳоли саломатлигини сақлашга катта ҳисса қўшган.
Бундан ташқари, вилоятда фуқаролик жамияти институтлари томонидан таълим соҳасида, хусусан, ёш авлоднинг билим даражасини ошириш, ҳаётий кўникмаларини шакллантириш ва уларда ижтимоий фаолликни кучайтиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилган.
Масалан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Миришкор тумани жамияти томонидан амалга оширилган лойиҳа жараёнида тумандаги 43 та умумтаълим мактабининг 3 минг нафарга яқин ўқувчилари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик асослари бўйича ўқитилган. Мазкур ташаббус ёшларнинг нафақат қонунчиликни амалиётда қўллаш кўникмаларини ошириш, балки мустақил фикр ва шахс масъулиятини шакллантириш имконини ҳам яратган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалалари давлат ва жамият сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Хусусан, маҳаллий даражада амалга оширилаётган ташаббуслар табиатни асраш, аҳолида экологик маданиятни ошириш, ёш авлодда табиатга эътибор ва меҳр туйғусини шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Шу маънода, Кўкдала туманида “Экосфера” нодавлат нотижорат экология маркази томонидан амалга оширилган “Воҳамизни яшил маконга айлантирайлик” лойиҳаси ҳудуднинг экологик қиёфасини янгилашда ва аҳоли онгини ўзгартиришда ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтаган. Лойиҳа давомида тумандаги таълим ва тиббиёт муассасалари ҳудудига иқлимга мос, сувсизликка чидамли 1400 тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилиб, парвариши йўлга қўйилган. Бу эса ҳудудда экологик ҳолат яхшиланишига ва аҳолини яшил ҳудудлар яратишга кенг жалб этишга хизмат қилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Шаҳрисабз тумани жамияти томонидан амалга оширилган лойиҳада тумандаги 28 та маҳаллада истиқомат қилувчи 2300 нафардан ортиқ фуқаролар қатнашган. Улар иштирокида чиқиндиларни саралаш, улардан иккиламчи фойдаланиш ва қайта ишлаш масалалари бўйича амалий кўргазмалар ўтказилган. Шунингдек, лойиҳа жараёнида ўтказилган жамоатчилик мониторинглари соҳадаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш ҳамда бу борада ҳар бир фуқаронинг масъуллигини оширишга замин яратган.
Юқоридагилардан кўринадики, фуқаролик жамияти институтлари маҳаллий даражада аҳолининг кундалик ҳаётига дахлдор муаммоларни ҳал этиш, атроф-муҳит муҳофазаси, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашда фаол ва самарали иштирок этмоқда. Улар ўз ташаббуслари орқали давлат органлари билан бирга ҳудудлар ривожига ҳисса қўшиб, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, фаол фуқаролик жамияти фақат ислоҳотлар иштирокчиси эмас, балки унинг илҳом манбаи, ҳаракатлантирувчи кучи, жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва тараққиётни таъминловчи ишончли ҳамкордир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, жамият ислоҳотлар ташаббускорига айланмоғи керак. Бу ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилиб, турли лойиҳалар орқали ҳар бир фуқаронинг салоҳияти юзага чиқарилмоқда, инсон манфаати ва ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда. Энг муҳими “давлат – жамият – инсон” тизимидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорлик келажакда янада кучайиб, янги тараққиёт босқичларига йўл очиши шубҳасиз.
Рустам Аннаев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА