Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Табиий ресурслар вазирлиги, Тошкент Давлат аграр университети ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация Боку шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий семинарда иштирок этди.
Ташриф давомида ФАО – Туркия ҳамкорлик дастурлари доирасида кейинги йилларда амалга оширилган лойиҳалар натижаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ФАО – Туркия ҳамкорлик дастурлари доирасида 8 та минтақавий лойиҳани амалга оширишда иштирок этяпти. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Халқаро молия институтларининг грантлари ва лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Рамин Гасанов ўтказилган минтақавий семинардаги нутқида “Биз қишлоқ жойларида озиқ-овқат хавфсизлиги ва қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшадиган ФАО - Туркия ҳамкорлик дастурлари лойиҳаларини жуда қадрлаймиз. Ўзбекистон дастурларнинг барча бенефициарлари билан мукаммал икки томонлама сиёсий ва иқтисодий алоқа олиб бормоқда. Биз ушбу ҳамкорлик дастурларини тажриба алмашиш, салоҳиятни ошириш ва технологияларни ривожлантириш учун ажойиб платформа сифатида тан оламиз”, деди.
Семинарда гендер масалалари ва қишлоқларни ривожлантириш, шунингдек, ФАО – Туркия ҳамкорлик дастурлари истиқболига алоҳида эътибор қаратилиб, илғор тажрибалар лойиҳанинг муваффақиятини қандай таъминлаши мумкинлиги хусусида сўз юритилди.

Маъруза қилган ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров юртимизда ФАО – Туркия ҳамкорлик дастурлари лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида қайд эти. Шунингдек, Ш. Умаров ишлаб чиқариш, овқатланиш, атроф-муҳит ва ҳаёт сифати соҳасидаги инновациялар ва ФАОнинг «Такомиллаштиришнинг тўрт йўналиши» концепцияси ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар бўйича муҳокамаларда ҳам иштирок этди.
«ФАО – Туркия Ҳамкорлик Дастурларининг барча лойиҳалари 2021-2025 йилларга мўлжалланган ФАО – Ўзбекистон ҳамкорлик дастурига ва тегишли тармоқларда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришишга қаратилган мамлакатнинг миллий устувор йўналишларига мос келади.
Шу муносабат билан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу ҳамкорлик жараёнига ҳисса қўшиш, миллий ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонлар билан биргаликда ушбу дастурларни мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширишни таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Сўнгги муҳокама ФАО – Туркия ҳамкорлик дастурлари доирасидаги алоқа ва ахборотлаштириш фаолиятига бағишланди.
Йиғилишда Ўзбекистонда ҳамкорлик дастурлари ютуқлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ўтказилган тадбирлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўтказилган минтақавий семинар иштирокчилари йўлга қўйилган ҳамкорлик ривожланиш мақсадларига, хусусан, қашшоқлик ва очликни бартараф этиш мақсадларига эришишнинг самарали воситаси сифатида фаолият юритишига имкон беришида якдил эканини билдирди.
Малумот учун: Туркиянинг ФАО билан узоқ йиллик тажрибасига асосланган ФАО – Туркия ҳамкорлик дастурлари, айниқса, бенефициар мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва табиий ресурсларни бошқаришга сезиларли таъсир кўрсатади. Ҳозирги вақтда ФАО - Туркия ҳамкорлик дастурлари қуйидаги иккита модулни ўз ичига олади: озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, айнан ФАО – Туркия ҳамкорлик дастури ва Ўрмон хўжалиги соҳасидаги ФАО – Туркия ҳамкорлик дастури. Дастурлар балиқчилик, ўрмон хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг йўқотилиши ва бузилиши, шунингдек, қишлоқ аёллари манфаатларини ўз ичига олган 20 та лойиҳани қамраб олади.
ЎзА