Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФАО Тошкент давлат аграр университетида GIS-технологиялари бўйича ўқув семинари ўтказмоқда
12:33 / 2021-05-06

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Тошкент давлат аграр университетида «Ер ресурсларини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича воситалар» мавзусида ўқув-тренинг машғулотлари ўтказмоқда.

Ўқув-тренинг ФАО ва Глобал экологик жамғарманинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» минтақавий лойиҳаси доирасида университет қошида яқинда очилган географик ахборот тизимлари (GIS) лабораториясида олиб бориляпти.

Географик ахборот тизими – рақамли кўринишга ўтказилган жуда катта маълумотлар базасидир. Улар географик белгиларига кўра бирлаштирилиб, маълум координаталар тизимига боғланган ҳамда батафсил ифодаланган қатламлардир. GIS-технологиялари ёрдамида ер юзидаги ҳар қандай нуқтани топиш, исталган объектнинг ҳаракатини кузатиш мумкин.

GIS-технологиялари ёрдамида хариталар, чизмалар, жадваллар, ҳатто ўзингизни қизиқтирган жойнинг расмини ҳам олиш мумкин бўлган маълумотларни визуаллаштириш мумкин.

– Ушбу маълумотлар илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, айрим ташкилот ва компаниялар фаолияти учун катта аҳамиятга эга. Шу боис, ушбу семинар Тошкент давлат аграр университети магистрантлари, аспирантлари ва ўқитувчиларига илмий салоҳиятини ошириш ва ўз ишларини янада ривожлантириш имконини беради. ФАО кўмагида ташкил этилган янги GIS-лабораторияси энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш қилиш учун янги имкониятлар яратади, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Машғулотлар давомида миллий ва хорижлик мутахассислар турли геомаълумот тизимлари воситалари тўғрисида умумий тушунчалар берди. Семинар қатнашчилари ерларнинг деградациясини мониторинг қилиш учун Trends Earth, ўрмонлар йўқолиши ҳамда ердан фойдаланишнинг турли шаклларини баҳолаш учун Collect Earth, иқлим, ўсимликлар, ёнғинлар, биохилма-хиллик ва бошқа геоижтимоий масалалар бўйича маълумотларни визуаллаштириш, қайта ишлаш ва уларни таҳлил қилиш учун Earth Map каби инновацион платформалар ва иловалар билан ишлашни амалда ўрганди.

– GIS-технологиялари бугунги кунда ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига кириб келмоқда. Уларнинг қишлоқ хўжалигидаги роли, айниқса, муҳим, – дейди лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Мисол учун, GIS-технологиялари ёрдамида тупроқ типларини солиштириш, иқлим ва айрим қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини таҳлил қилиш ва бунинг асосида янада самаралироқ усулларни ишлаб чиқиш, натижада катта маблағларни тежаш мумкин.

Гўзал Файзиева