Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФАО Қашқадарё аҳолисига 14 та кичик иссиқхонани беғараз асосда тақдим этди
08:27 / 2021-01-15

Қамаши туманининг бир нечта оиласи ўз хўжалигини кенгайтириш ва шу орқали даромадларини ошириш имкониятига эга бўлди.

Тумандаги томорқа ер эгаларига беғараз ёрдам сифатида 14 та иссиқхона топширилди.

Ёрдам ФАО ва ва Глобал экологик жамғарманинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳасининг коронавирус инқирозига қарши ижтимоий-иқтисодий чоралар доирасида амалга оширилди.

– Ушбу ёрдам пандемия даврида оилаларга ўз-ўзини озиқ-овқат билан таъминлаш, дунёда коронавирус билан боғлиқ оғир вазият тугаганидан сўнг томорқа ер эгаларига ривожланиш имкониятларини бериш учун тақдим этилди, – деди лойиҳанинг минтақавий координатори Maҳмуд Шоумаров.

Эслатиб ўтамиз, ФАО 2020 йилда карантин туфайли қийинчиликларга дуч келган қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро ва Қамаши туманлари аҳолисига 31 та сув насоси, 10 та мото-култиватор, 30 минг дона помидор, бодринг, бақлажон, қалампир кўчатлари ва 10 тоннадан зиёд минерал ўғит етказиб берди. Айни кунларда CACILM-2 лойиҳаси қишлоқ аҳолисига ёрдам беришни давом эттирмоқда ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Иссиқхоналарни топшириш маросими Қамаши тумани ҳокимлигида бўлиб ўтди. Ҳужжатга кўра, «Саркаш», «Бадахшон» ва «Лойқасой» қишлоқ фуқаролар йиғинларининг 14 хонадонида янги иссиқхоналар ўрнатилди.

– Иссиқхоналар “темир дафтар»да рўйхатда турган кам таъминланган оилалар, шунингдек, карантин пайтида ишсиз қолган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга берилди. Ўтган йил давомида ФАОнинг лойиҳаси туфайли туманимизда бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Биз энг чекка қишлоқлар аҳолисини иш билан таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш, турмуш даражасини ошириш мақсадида ҳамкорликни давом эттирамиз, – деди Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев.

Ҳокимият вакиллари ва ФАО мутахассислари янги иссиқхоналарни ўрнатиш жараёни билан танишди, томорқа эгалари билан суҳбатлашди.

– Иссиқхона қулай ва замонавий. Унга турли зираворлар экдик. Агар ҳаракат қилсак, 10-15 миллион сўм фойда кўрамиз, деган умиддаман. Ёрдам учун миннатдормиз, – дейди иссиқхоналардан бирининг эгаси Музаффар Жовқиев.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан яна 20 та кичик иссиқхонани топшириш маросими тез орада Бухоро туманида ўтказилади.