Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) субминтақавий мувофиқлаштирувчиси Виорел Гуцунинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Гидрометеорология хизмати марказида қўшма лойиҳа ҳужжатини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур янги лойиҳа мамлакатимизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатга ҳисса қўшиши имконини беради.
Гап “Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатларни ва кўрсатилаётган техник ёрдамни кузатишда интеграциялашган ва кенгайтирилган шаффофлик тизимини яратиш бўйича салоҳиятни ошириш” ҳақида бормоқда.
ФАОнинг ушбу лойиҳаси Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) томонидан молиялаштирилади, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази эса ижро этувчи агентлик ҳисобланади.
- Лойиҳа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий устуворликка мос келади ва ГЭЖ аралашуви мамлакатнинг иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтириш ҳамда иссиқхона гази эмиссиясини энг самарали ва шаффоф тарзда мониторинг қилиш салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан ижобий натижа бериши кутилмоқда, – таъкидлади Виорел Гуцу.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши таҳдидига глобал жавоб чораларини кучайтиришга қаратилган. Париж келишуви доирасида янги кенгайтирилган шаффофлик тузилишига ўтишга тайёргарлик кўришда қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорини камайтириш чораларини тартибга солувчи БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига асосланган келишувдир.
Ушбу мақсадга эришиш учун ҳар бир мамлакат иқлим бўйича ўз индивидуал мажбуриятини ишлаб чиққан. Ушбу мажбурият Миллий даражада белгиланган ҳисса, деб номланади ва миллий даражада иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатига мослашиш бўйича муайян мамлакатнинг саъй-ҳаракатини акс эттиради. Бундан ташқари, Париж келишувида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш ва мамлакатда иқлим ўзгаришига мослашишни тартибга солиш билан боғлиқ бошқа қоидалар ҳам мавжуд. Глобал даражада шаффоф мониторинг, ҳисобот бериш ва мамлакатнинг ушбу соҳадаги мақсадларига тезроқ эришиш учун асос яратиш орқали ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш ва вазиятга мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатига ёрдам беришга келишиб олинган.
Шаффофликнинг кенгайтирилган тузилмаси доирасида иштирок этиш ва мунтазам ҳисобот бериш ҳукуматларга иқлим бўйича ҳаракатни яхшироқ баҳолаш ва режалаштириш имконини беради. Мазкур тузилма иссиқхона газини чиқариш, чиқинди чиқаришни камайтириш ва иқлим ўзгариши таъсирига мослашиш бўйича эришилган натижа, шунингдек, ривожланаётган мамлакатларга кўрсатилаётган молиявий ҳамда технологик қўллаб-қувватлашга таалуқли ахборотнинг шаффофлигини таъминлайди.
Ўзбекистон ҳукумати Париж келишувини 2017 йил 19 апрелда расман имзолаган ва 2018 йил ноябрида ратификация қилган. Ҳужжатни имзолаш орқали Ўзбекистон бошқа давлатлар қатори глобал ҳаво ҳароратининг ўртача кўтарилишини Цельсий бўйича 2 даражадан сезиларли даражада паст ушлаб туриш мажбуриятини олган. Ўзбекистоннинг Миллий миқёсда белгиланган ҳиссаси 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона гази эмиссиясини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоиз қисқартириш, иқлим ўзгариши салбий таъсирини камайтириш ва мослашувчан салоҳиятни ошириш бўйича саъй-ҳаракатни давом эттириш бўйича вазифаларни белгилаб беради. Юқорида тилга олинган лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда Мониторинг, хисобот бериш ва текшириш тизими ишлаб чиқилади.
“Ўзгидромет” ҳукумат қарори билан иқлим ўзгариши ва Париж келишувини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи ташкилот этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ўз ваколати доирасида мамлакатнинг иқлим бўйича мажбурияти, жумладан миллий хабарлар, инвентаризация бўйича миллий ҳисобот, икки йиллик ҳисобот, шаффофлик ҳисоботи, миллий даражада белгиланган миқдорий мажбуриятнинг бажарилиши бўйича ҳисобот тайёрлаш ва тақдим этиш учун масъул ҳисобланади.
Г.Абдуллаева, ЎзА