Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФАО Ўзбекистон қишлоқ аёллари ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади
21:10 / 2020-12-15

Тошкентда 15 декабрь куни ФАОнинг «Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш» техник ҳамкорлик дастурига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбир қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари доирасида амалга оширилди.

Учрашув давомида ФАО вакиллари лойиҳанинг моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди.

«Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш» техник ҳамкорлик дастури Ўзбекистонда 2020-2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 100 минг доллар бўлиб, инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга ошириш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали қишлоқ жойларда турмуш шароитини яхшилашдан иборат.

Дастурни амалга ошириш давомида инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун миллий имкониятлар янада мустаҳкамланади.

- Қишлоқ хўжалигида гендер фарқни бартараф этиш қишлоқ хўжалиги соҳаси ва умуман, жамиятга сезиларли фойда келтиради. Қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлашга қаратилган сармоя - аввало қашшоқликка барҳам бериш ва барча учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим ўзгаришларга йўналтирилган сармоя ҳисобланади», - деди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа координатори Шерзод Умаров.  

Тадбирда Ўзбекистонда гендер тенглик йўналишида қонунчиликни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузурида гендер тенглик масалалари бўйича комиссия ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ташкил этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ФАОнинг Ўзбекистондаги Гендер ҳаракатлар режаси орқали назорат қилинади. Гендер масалаларини ҳал этишдаги энг яхши амалиётларини ҳисобга олган ҳолда, “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” номли ФАОнинг яна бир лойиҳаси доирасида ҳамкорликда фаолият олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди.

ЎзА