Ҳали ўттизга ҳам тўлмаган Жуманиёз Сангиров аллақачон тарих фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга ва бир қанча илмий ютуқларга эришган. Ёш олимлар фаолиятида қандай тўсиқлар мавжудлиги ва уларга қандай ечим беришни биладиган Жуманиёз ўз таклифларини ён дафтарига ёзиб юрган эди. Энди эса шу таклифларни Фанлар академияси Президентига етказиш ва бутун тизим миқёсида муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.
Республикамиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этаётган бир пайтда ёш ва салоҳиятли кадрларни қўллаб қувватлаш, таклиф ва ғояларини тинглаш, улар учун замон талабларига мос шарт шароит яратиш мақсадида юртимиз бўйлаб турли ҳудудлар ва ташкилотларда "Раҳбар ва ёшлар" учрашувларини ўтказиш деярли анъанага айланди. Шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон Фанлар академиясида ташкил этилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов 30 январь куни академия таркибидаги илмий ташкилотларда фаолият юритаётган ёш олимлар билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида ёш олимларни қийнаётган маънавий, илмий ва моддий муаммолар муҳокама қилинди ва уларнинг ечимлари бўйича масъулларга керакли топшириқлар берилди

- Бугун Академия тизимида фаолият юритаётган ёш олимлар билан Академия Президенти ўртасида суҳбат бўлиб ўтди ва шу суҳбат жараёнида мен ҳам ўзимнинг асосий 2 та таклифимни бердим. Хусусан, бугунги кунда Фанлар академияси тасарруфида ёш олимларга мўлжалланган замонавий ётоқхоналар бор. Мен эса ётоқхоналарда ёш олимларга нафақат якка тартибда балки ўз оиласи билан бирга яшаш имконини бериш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш масаласини биринчи таклифимда кўрсатдим. Шунингдек иккинчи таклифимда Фанлар академияси таркибидаги кутубхона фаолиятини тубдан яхшилаш, барча китобларни рақамлаштириш ва яна замонавий талабларга хос бир қанча янгиликлар киритиш масаласини муҳокамага киритдим. Бу таклифлар Академия Президенти томонидан ижобий қабул қилинди, - дейди Жуманёз.
Учрашув давомида ёш олимлар томонидан айтилган яна бир қанча таклифлар бўйича амалий ишлар бошланиши таъкидланди. Албатта бу каби очиқ муҳокамали учрашувлар соҳанинг ривожланиши ва ёш кадрларнинг илм-фан соҳасида кучлироқ натижаларга эришишига туртки бўлади.
Меҳрожиддин Умурзақов,
Ўзбекистон тарихи Давлат музейи матбуот котиби