Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фан ва технологиялар оламида
13:13 / 2024-03-13

Янги асбоб гўштнинг сифатини аниқлаб беради

Вьетнам Фан ва технология академияси (VAST) олимлари Россия Фанлар академияси муҳандислари билан биргаликда инқилобий биосенсорни ихтиро қилди. Ҳомиладорлик тестини эслатувчи гажет хом гўштнинг янгилигини аниқлай олади. Қурилма гипоксантин ва ксантин молекулаларини - гўштдан аденозин трифосфат (организмларда метаболизм учун жавоб беради) парчаланиши пайтида унинг чиришининг дастлабки босқичларида ажралиб чиқадиган махсус моддаларни ушлашга қодир. 

Синовлар шуни кўрсатдики, гажет гўштнинг янгилигини 98 фоизга аниқлайди. Олимларнинг таъкидлашича, қурилма универсалдир, чунки у ҳар қандай турдаги гўштни синаб кўриш учун мос келади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай тостерлар дўкон ва фабрикаларда фойдали бўлади.

Ернинг орбитаси ўзгарганми?

Олимлар 56 миллион йил олдин сайёрамиз ҳарорати 5-8 даражага кўтарилганини аниқлашди, бу атмосфера таркибининг сезиларли ўзгаришига ва айрим турларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келган. Нима учун бу содир бўлганлиги узоқ вақт давомида сир бўлиб келаётган эди. Сайёрашунос Нейтан Каиб ва ​​астрофизик Шон Раймонд ниҳоят буни ечишга муваффақ бўлишганини маълум қилди. 

“ScienceAlert” нашрининг ёзишича, олимлар ҳарорат ва иқлим ўзгаришини Ер орбитасидаги ўзгаришлар билан боғлаган. Бу юлдузнинг яқин ўтиши туфайли содир бўлиши мумкин. Шунга ўхшаш вариант қуёшга ўхшаб ҳаракатланадиган “HD 7977”  юлдузлари мисолида ўрганилди. У 2,8 миллион йил олдин қуёш тизимига яқин учиб ўтган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сайёралар орбиталарини ўзгартириш учун етарлича яқин масофадан ўтган юлдузлар нисбатан кам учрайдиган ҳодисадир. Аммо уларнинг таъсири жуда катта бўлиши мумкин. Юлдуз 50 000 астрономик бирлик (бир астрономик бирлик тахминан ер ва қуёш ўртасидаги масофа) ичидан тахминан миллион йилда бир марта ўтиши айтилади. Шунингдек, юлдуз тахминан ҳар 20 миллион йилда ерга 10 000 астрономик бирликка яқинлашаётгани маълум бўлди. Бу шуни англатадики, яқин ўтаётган юлдузлардан бири ҳақиқатан ҳам узоқ ўтмишдаги сайёрамизнинг ҳароратига билвосита таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

“Airfish-8” келажак транспорти

Туркия компаниялари томонидан буюртма берилган камида 20 та “Airfish-8” экраноплани 2025 йилдан бошлаб сайёҳларни таший бошлайди. 

Бундай ҳаракат воситаларини  ишлаб чиқаришни Сингапурнинг “ST Engineering” компанияси “Peluca” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширади. “Airfish-8” келаси йилдан бошлаб етказиб берилиши маълум қилинган.

Туркиянинг “Eurasia Mobility Solutions” компанияси ҳозирча ўнта шундай учиш аппаратига буюртма берган, келгусида яна ўнта буюртма бериши мумкинлиги ҳақида ҳам маълум қилган.
Бундай транспорт воситаларининг оддий қайиқлар ёки паромларга нисбатан асосий афзаллиги -  уларнинг юқори тезлигидир. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, аппаратнинг максимал тезлиги 167 км/соатни ташкил этади. Бундан ташқари, экраноплан 8 йўловчи ёки 1 тонна юкни ташиши мумкин. 

Самолёт денгиз хасталигидан азият чекаётган йўловчилар учун мос келади, чунки у сув сатҳидан 6-7 метр баландликда учиб, оддий қайиқларга қараганда юмшоқроқ ҳаракатланиш имконини беради. 

Учиш, қўниш учун экраноплан махсус инфратузилмани талаб қилмайди, унга оддий паром терминаллари етарли. Аппаратга 500 от кучига эга бўлган бензинли двигател ўрнатилган. 

“Coperni” бренди 99 фоиз ҳаводан иборат бўлган сумкани тақдим этди

Франциянинг “Coperni” бренди 8 март байрамига ўзига хос аксессуарни тақдим этди. “Air Swipe Bag” деб номланган сумкача ҳаводан қилинган ва бор йўғи 33 граммни ташкил қилади.

Сумкача  2024 йил куз-қиш мавсуми доирасида чиқарилди. Унинг сири узоқ вақт олдин инсоният томонидан ихтиро қилинган махсус материалда. Гап дунёдаги энг енгил ва энг қаттиқ модда аэрогел ҳақида бормоқда. “NASA” ҳали ҳам уни космик чанг зарраларини олиш учун ишлатади. Енгиллигига қарамай, сумка мўрт эмас. Аерогел жуда зич материал бўлиб, ўзидан 4000 маротаба оғир бўлган юк ҳамда ғайритабиий ҳарорат ва босимларга бардош бера олади. Аёллар смартфони, калитлари ва бошқа майда буюмларини синдиришдан қўрқмай, хавфсиз тарзда сумкаларига солиб қўйишлари мумкин. 

AI уй ҳайвонлари билан гаплашишга имкон беради

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тез орада ҳайвонлар билан мулоқот қилиш учун сунъий интеллект воситалари пайдо бўлади. Бу воқеа 12-36 ой ичида содир бўлиши айтилмоқда. Уй ҳайвонлари ва ҳатто ёввойи ҳайвонлар билан ҳам алоқа қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган технология “рақамли биоакустика” деб аталади. Бу матоҳ ҳайвонларнинг одам қулоғига эшитилмайдиган товушларни ҳам ўқийди, уларни тирик мавжудотларнинг хатти-ҳаракати ва кайфияти билан боғлайди. Бундан ташқари, қўшимча датчиклар ҳайвонларнинг юз ифодаларини, ўзини тутишларини ва қилиқларини талқин қилишга ёрдам беради. 

“Earth Species Project” лойиҳаси томонидан ишлаб чиқилаётган технология мушуклар, итлар, қарғалар ва ҳатто кит каби ҳайвонлар билан турлараро ўзаро таъсир қилиш имкониятини очиши кутилмоқда. 

Янги сунъий интеллект фойдаланувчиларга нафақат уй ҳайвонларининг хоҳиш-истакларини тушунишлари учун фойдали бўлади, балки уларнинг ижтимоий хатти-ҳаракатларини ўрганувчи ёки уларни денгиз ва қуруқликдаги хавфли зоналарни кесиб ўтишдан огоҳлантирувчи махсус роботларни яратишда ҳам қўлланилиши мумкин. Албатта, ҳайвонлар, одамлардан фарқли ўлароқ, юқори даражада ривожланган мавҳум фикрлаш ва тилга, шунингдек, алоқа ҳақидаги ғояларга эга эмаслар, шунинг учун сиз янги технология улар билан мазмунли мулоқот қилиш имконини беради деб кутмаслигингиз керак. Бироқ лойиҳа тирик мавжудотлар руҳиятини ўрганиш, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва чиқарадиган товушларни талқин қилишда албатта ёрдам беради.

Энди суратлар ҳам куйлайди

Хитойнинг “Alibaba” компанияси “EMO” нейрон тармоғини тақдим этди. У фотосуратни жонлантириш ва унда тасвирланган одам қўшиқ айтиши ёки гапириш имконини беради. 

“VentureBeat” нашрининг ёзишича, AI тизими “Alibaba” компаниясининг интеллектуал ҳисоблаш институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Ишлаб чиқувчилар диффузия моделини 250 соатлик видеолар, жумладан, киноклиплар ва мусиқачиларнинг чиқишларига ўргатишди. Худди шундай нейрон тармоқларнинг олдинги моделлари мушаклар ҳаракатини яратиш учун юзларнинг 3D моделларига таянган. “ЕМО” дарҳол аудио сигнални видеога айлантиради, унинг давомийлиги юкланган аудио трекка боғлиқ. 

– Синов натижалари шуни кўрсатадики, “ЕМО” нафақат суҳбатларнинг ишончли видеоларини, балки турли услубларда қўшиқ куйлаш видеотасвирларини ҳам яратишга қодир, - дейди тадқиқотчилар.

5G билан ҳаракатланадиган илк электрли велосипед яратилди

У яна сунъий интеллект базасида тўсиқларни бартараф қилиш тизими билан ҳам жиҳозланган.

“Orbic” компанияси томонидан Барселонада бўлиб ўтган Mobile World Congress тадбирида намойиш қилинган велосипед қалин шиналарга эга. У кўплаб камералар ва сунъий интеллект ёрдамида тўсиқлар билан тўқнашиб кетиш хавфини аниқлайдиган қурилмалар билан жиҳозланган, деб ёзган “New Atlas” нашри. 

Икки ғилдиракли транспорт воситасининг барча деталлари ҳозирча ошкор қилинмаган, шуниси маълумки, велосипед “Qualcom”нинг саккиз ядроли чипида ишлайди ва “Android”га асосланган. Таъкидланишича, у 5G га уланган дунёдаги биринчи велосипед ҳисобланади. 

Модель соатига 45 километр тезликка чиқа олади. Аккумулятори раманинг пастки қувури ичига жойлашган. Янги велосипед шаҳар учун ҳам,  қишлоқ йўллари учун ҳам мос келади.

Хитой телевидениеси AI томонидан тайёрланган мультфильмларини намойиш қилмоқда

“China Media Group” давлат телерадиокомпанияси Хитой телевидениесида тўлиқ AI алгоритмлари асосида яратилган мультфилмни намойиш қила бошлади. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди. Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, бу инсоният тарихида бундай кенг аудиторияга эга бўлган биринчи сунъий интеллект мультфилмидир. 

26 қисмдан иборат бўлган ва ҳар бири 7 дақиқа давом этадиган анимацион сериал “Минг йиллик шеърлар” деб номланади. Фильм сюжети мумтоз хитой шеърияти мотивларига асосланган. Ҳикоянинг асоси ўрта мактаб ўқув дастуридан олинган 200 дан ортиқ шеърлар эди.

Тасвирни “GenAI” нейрон тармоғи яратган. У “OpenAI” яратган “Sora”га ўхшаш. “GenAI” ҳам, “Sora” ҳам матн тавсифлари асосида қисқа видеолар яратиши мумкин. Бошқа ишларни “SAIL” компаниясининг нейротармоқлари бажарган. Улар  эртак учун сюжет тузиб, қаҳрамонлар учун диалог ёздилар. 

Келгусида сунъий интеллект нафақат телевизорда мультфильмлар кўрсатиши, балки янгиликлар дастурларини яратиши ва ток-шоуларни ўтказиши мумкин, дейди мутахассислар.

Туркиянинг бешинчи авлод қирувчи самолёти илк парвозини амалга оширди

Истиқболли қирувчи самолёт яратиш устида ишлар 10 йилдан ортиқ давом этди. Умуман, Туркия Америка самолётларини алмаштиришни режалаштираётгани ҳақидаги миш-мишлар 2010 йилларнинг бошида пайдо бўлган эди. Ушбу йўналишда илк ишланмалар 2015 йилда тақдим этилган. 2021 йилга келиб, самолётнинг биринчи нусхаси ишлаб чиқарилди ва у миллий қирувчи самолётларнинг кейинги ривожланиши ва тартибини белгилаб берди. 

Қайд этилишича, “КААН” деб ном берилган самолётнинг дастлабки версияларида “General Electric F110-GE-129” двигателлари ўрнатилади, улар “Ф-15” самолётлари двигателларининг дастлабки модификациялари бўлиб, 1992 йилдан бери фойдаланиб келинмоқда. Бироқ, “TAEC” (Turkish Air Engine Company) “КААН” учун ўз двигателларини ишлаб чиқмоқда. 

“КААН” хорижий турдошлари сингари, радар диапазонида кўришни қисқартириш технологиялари, жумладан, радарни ютувчи экранлар ва корпус ҳамда двигателларнинг махсус шакли билан жиҳозланган. Дастлабки маълумотларга кўра, янги машинанинг нархи 100 миллион доллардан ошади.

Интернет материаллари асосида С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА