Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фан ва таълим: дастурий бюджетлаштиришнинг асосий тамойиллари
12:14 / 2025-11-19

Бугунги кунда давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, харажатларни мақсадли режалаштириш ва олинган натижани аниқ баҳолаш – жаҳон амалиётида асосий талаблардан бирига айланган. Дастурий бюджетлаштириш эса ана шу талабларни амалга оширишда муҳим восита сифатида эътиборга тушиб бормоқда. Бу тизим нафақат молия жараёнларини шаффофлаштиради, балки ҳар бир соҳадаги харажатнинг қандай натижа бериши кераклигини олдиндан белгилаб беради.

Мамлакатимизда ҳам бу йўналишда ислоҳотлар изчил давом этар экан, мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, уларни халқаро тажриба билан таништириш долзарб вазифага айланди. Шу мақсадда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Дастурий бюджетлаштириш тизимини жорий этиш масалалари” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтмоқда.

Семинар Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган “Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида Ernst & Young Advisory LLC ҳамда Ecorys Nederland B.V. халқаро консалтинг ташкилотлари экспертлари томонидан ташкил этилди.

Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг марказий аппарати ва тизим ташкилотлари, шунингдек Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Фанлар академияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларидан  мутахассислари иштирок этди.

Семинар давомида халқаро тажрибада қўлланилаётган дастурий бюджетлаштиришнинг асосий тамойиллари, бюджет жараёнини режалаштириш ва самарадорлик индикаторларини шакллантириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Иштирокчилар учун мазкур тизимнинг таълим, фан, маданият ва ёшлар сиёсати каби соҳаларда қўлланиши, уни жорий этишнинг афзалликлари ҳам батафсил тушунтирилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА