Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент кимё-технология институти, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ихтирочи аёллари маркази, Интеграл университети (Ҳиндистон), ЮНEСКО ва БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “Аёллар STEMда” (“Women in STEM”) халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Мазкур форумдан ва “Инноватор аёллар-2024" илмий анжуманидан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Марказий Осиёда STEM – фан, технология, муҳандислик ва математика соҳасида фаолият олиб бораётган аёлларнинг жамиятдаги ўзига хос ўрнини кўрсатиш, “Устоз-шогирд” тизимини янада такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Шунингдек, ушбу йирик лойиҳа ушбу соҳаларда хилма-хиллик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда соҳада аёллар дуч келадиган тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган. Форум доирасида муҳокама йиғилишлари, семинарлар, маҳорат дарслари ва минтақадаги олима аёллар томонидан тақдим этилган илмий тақдимот сессиялари ташкил этилади. Форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги олима ва муҳандис аёлларнинг кейинги авлодини илҳомлантириш ва қўллаб-қувватлашдир.
“Women in STEM” фестивали БМТ томонидан 2015 йилда эълон қилинган "11 февраль – Фанда аёллар ва қизлар халқаро куни”ни нишонлаш доирасида ташкил этилган.
[gallery-15952]
Айтиш керакки, 2009 йил 22 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида 11 феврални “Фандаги аёллар ва қизлар халқаро куни” деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилинди. Шундай қилиб, бу кун БМТнинг халқаро кунлардан бирига айланди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар хотин-қизларни олий таълим, фан соҳасига кенгроқ жалб этиш имконини бермоқда.
Уч кун давомида мазкур форум доирасида қизларни STEM – фан, технологиялар, муҳандислик, математика соҳаларига тобора кўпроқ жалб этиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгроқ йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама этилади.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА