Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фан, таълим, маърифат, маданият доимий эътиборда
16:44 / 2021-10-20

Халқаро медиа холлда фан, таълим, маданият, туризм, спорт ва маънавият масалалари бўйича экспертлар билан мулоқот ташкил этилди.

Мулоқот давомида таъкидланганидек, фан, таълим, маданият, спорт, туризм соҳасида кейинги беш йил давомида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Журналист сифатида ҳам, мутахассис сифатида ҳам буларнинг барини биргина ахборотда акс  эттириш ўта мушкул масаладир.  

 Бу ўзгаришлар таълим соҳасида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.  Олий таълимга ёшларнинг қамрови сезиларли даражада ортди. Президент, ижод, махсус мактаблари ташкил этилиб, уларда ўқиш истагидаги ёшлар сафи тобора ортмоқда. Илм-фан, инновацион технологиялар соҳасида стартаплар, илғор технологиялар, турли маърифий лойиҳалар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.  

Маданият соҳасида ҳам қонунчиликни такомиллаштириш, унинг замон билан ҳамнафаслигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мақом, бахшичилик санъати ривожланмоқда. Миллий ўзлигимизни  намойиш этишга оид ижодий лойиҳалар, фестиваллар, танловларга асос солинди.  

– Хусусан, илм-фан соҳасидаги ютуқларимиз талайгина, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси марказ илмий ходими Феруза Ўсарова. –Аёлларнинг илм-фандаги фаоллиги жуда ошди. Фан, таълим, ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция ростманасига кучайди. Тўғриси,  баъзан бизга оддий туюлган ташаббуслар замирида катта эзгу ғоялар борлигини пайқамаслик жуда таассуфли ҳолатдир. Масалан, ёшларнинг билим олиши, спорт-соғломлаштиришга жалб этишга оид бешта ташаббусда китобхонлик маданиятини юксалтириш муҳим ўрин эгаллайди. Китобхонлик тарғиботи орқали болалар, ёшларни билимга даъват этиш, ўқишга, изланишга чорлаш, манбалар билан ишлашга ўргатиш, инновацион тафаккурга ундашдек мақсадлар мужассамдир.  

– Илм-фан, таълим, маърифат жамият тараққиётини ривожлантиришдаги асосий бўғиндир, – деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Исмоил Саифназаров. Кейинги йиллар давомида таълим соҳасида катта ютуқларга эришилди. Масалан, мактаб таълимида 11 йиллик ўқитиш тизимига ўтилди. Мактабгача таълимга жиддий эътибор қаратилиб, алоҳида вазирлик ташкил этилди. Таълимда ростмана узлуксизлик пайдо бўлди. Тўғрисини айтганда, бундан бир неча йил аввал таълим эътибордан анча четда қолган эди. Масалан, ўқувчилар пахта теримига олиб чиқиларди. Бугун фарзандларимиз учун пахта эмас, мактаб таълими муҳим экани сўзда эмас, амалда ўзининг исботини топди.  

Мулоқот давомида иштирокчи ёшларнинг мавзуга доир саволларига батафсил жавоб қайтарилди.  

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА