Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси 22 та назорат-таҳлил тадбирини ўтказган
16:01 / 2026-01-26

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан "Press-Lunch" ташкил этилди. Унда қўмитанинг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисоби ва 2026 йилги устувор вазифалар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берилди.

Қўмита раиси Нодир Жумаев қайд этганидек, Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ўтган йилги фаолиятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳаракатлар дастури ҳамда қўмитанинг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси, шунингдек, Президентимиз раислигида барча соҳаларда ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.

2025 йил давомида қўмита 7 та қонун лойиҳасига масъул бўлди ва уларнинг барчаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Жумладан, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган янги таҳорирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан Миллий олимпия ва паралимпия қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, Миллий антидопинг агентлигининг ҳуқуқий мақоми белгиланди, спортда допингнинг олдини олиш такомиллаштирилди.    

Шунингдек, қўмита ташаббуси билан 22 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тизимда эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ахбороти эшитилди. Қўмита томонидан битта парламент сўрови, қўмита аъзолари томонидан 16 та депутат сўрови амалга оширилди.  

Шунингдек, қўмита номига келиб тушган жами 532 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Уларнинг 384 тасига ижобий ечим топилди. Мурожаатчилар томонидан 30 та таклиф келиб тушган.  

Қўмита аъзолари ҳисобот йилида илм-фан, таълим, маданият, санъат, спорт ва ёшлар масалалари йўналишларида жойларда олиб борилган ўрганишлар, учрашувлар ва бир қатор ҳал этилган масалалар хусусида батафсил маълумот берди. Бугун ҳар бир соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилаётган бир пайтда қўмита фаолиятининг асосий мақсади ривожланишга, тараққиётга ҳисса қўшишдан иборат экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, келгусидаги вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА