Урганч шаҳрида асосий фан олимпиадасининг Хоразм вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Қарийб ўн кундан ортиқ давом этган олимпиадада 1 минг 800 нафардан ортиқ 9-10-11-синф ўқувчилари ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Олимпиаданинг тақдирлаш маросимида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари иштирок қилиб, барча ғолибларни табрикладилар.
—Бўлиб ўтган олимпиада жараёнларида ўзим иштирок этиб, ўқувчилар, кузатувчилар ва ҳакамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини тингладим, —дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази директори Тўрабой Шерматов. —Шунингдек, жараённи янада самарали ташкил этиш учун ташкилий қўмита аъзоларига тегишли кўрсатма ва тавсияларимни бердим. Хоразм буюк аллома ва донишмандлар юрти. Бу ерда синовлардан ўтиб, катта марраларни мақсад қилган, зўрларнинг зўри йиғилган. Мен амин бўлдимки,воҳада юқори интеллектуалли ўқувчилар жуда кўп экан.
[gallery-26587]
Энг кучлиларни бир манзилда жамлаган тақдирлаш маросимида 15 та фан бўйича 1-2-3-ўрин эгаларига диплом ҳамда пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Танлов низомига кўра, ғолибларга биринчи ўрин учун 2 миллион 472 минг сўм, иккинчи ўрин учун 1 миллион 648 минг сўм ва учинчи ўрин учун 1 миллион 236 минг сўм пул мукофоти ажратилди.
Маълумот ўрнида: вилоят босқичида жами ғолиблар сони 133 нафарни ташкил этган бўлиб, 45 нафар 11-синф ўқувчиси олимпиаданинг республика босқичида иштирок этади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари