Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фаластинликлар Канада вазирини нима учун судга берди? (+ видео)
15:49 / 2024-03-07

Канададаги фаластинликлар ва бир гуруҳ ҳуқуқшунослар Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жолини Исроилга ҳарбий ёрдам жўнатишда айблаб, судга берди. Ушбу ариза орқали мамлакатнинг ички ва халқаро қонунчиликдаги мажбурияти бузилаётгани айтилган.

Сешанба куни судга берилган даъво Канада ҳукуматидан Исроилга мўлжалланган ҳарбий товар ва технология учун экспорт рухсатномасини чеклаш мақсадини кўзлаган.

– Биз Канада маҳаллий стандарт ва халқаро ҳуқуқ мажбуриятига риоя қилишини истаймиз, – деган мамлакат Инсон ҳуқуқи кенгаши аъзоси. – Давлатимиз Ғазони бомбардимон қилиш орқали оммавий очарчилик юзага келтиришга ҳисса қўшишини хоҳламаймиз. Бунинг ягона йўли Исроилга ҳарбий ёрдамни тўхтатишдир.

Январь ойи охирида канадалик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукуматга очиқ хат ёзиб, Оттавани фаластинликларга қарши қўлланиши мумкин бўлган ҳар қандай маҳсулот экспортини тўхтатишга чақирди. Расмий маълумотга кўра, Канаданинг Исроилга қурол экспорти қиймати 2022 йил 15 миллион доллардан ошган.

Исроилга ҳарбий ёрдам жўнатилиши ортидан ўтган ҳафта намойишчилар Канаданинг бир неча шаҳри, жумладан Ванкувер, Квебек ва Скарборода қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар олдида митинг ўтказди.

Канада Исроилга нима экспорт қилади?

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги суд жараёни ҳақида журналистларга тайинли жавоб бермади. Тегишли департамент матбуот хизмати инсонлар учун хавфли бўлмаган маҳсулот жўнатилаётганини айтиб, ускуна ва маҳсулот нархи ҳақида маълумот бермаган. Мутахассислар таъкидича, Канаданинг Исроилга ҳарбий жўнатмаси бўлакларга ажратилган ёки бутловчи қисм шаклида келади:космик ускуна, портловчи аслаҳа, ракета ва ҳоказо. Қайси компания экспортчи экани ҳақида эса маълумот йўқ.

Фаоллар Канада ҳарбий эҳтиёт қисмлари Исроилга АҚШ орқали кираётган Ф-35 каби қирувчи самолётга ўрнатиш учун етиб боряпти, деган тахминда.

Экспорт тартиби

Агар жўнатма тинчликка, хавфсизликка путур етказадиган маҳсулот турига кирса, экспорт ва импорт рухсатномаси тўғрисидаги қонунга кўра, ташқи ишлар вазири рухсатнома беришни тўхтатишга мажбур. Шунингдек, маҳсулот аёллар ва болаларга нисбатан жиддий зўравонлик ҳаракатида ишлатилса ҳам экспортга тақиқ қўйилиши шарт.

Канада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қурол савдоси шартномасини имзолаган. Демак, геноцид, инсониятга қарши жиноят учун ишлатиладиган муайян аслаҳага ташкилот чеклов жорий қилишга ҳақли.

2021 йил қурол савдоси шартномасидаги мажбурияти туфайли, Канаданинг Ливияга экспорт рухсатномаси рад этилган. Бу гал ҳам халқаро ҳуқуқ экспертлари Исроилга қурол етказиб бериш Геноцид конвенцияси бузилишига олиб келишидан огоҳлантирди. Январь ойи охирида Халқаро суд дастлабки қарорида Ғазода геноцид эҳтимоли борлигини аниқлади ва Исроилга бомбардимон қилинган Фаластин ҳудудида геноцид ҳаракатининг олдини олиш чораларини кўришни буюрди.

Голландия суди эса Исроилга тегишли Ф-35 қирувчи самолётларининг халқаро гуманитар ҳуқуқни жиддий бузишдаги иштирокини аниқлаб, Канада ҳукуматига Ф-35 бўлакларини Исроилга жўнатишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. Инсон ҳуқуқи фаоллари Канада судидан қонун бузилаётганини тан олиш ва жараённи тўхтатишни сўраган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZnO--ZnPXmg" title="Falastinliklar Kanada vazirini nima uchun sudga berdi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.