Ғазо секторида уруш бошлангандан буён 173 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлган. Ушбу маълумот Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) матбуот хизмати тарқатган хабарда келтирилган.
Ҳукумат фаластинлик журналистлар ўлдирилишида Исроил ҳарбийларини кескин қоралаган.
– Жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлардан босқинчиларни, айниқса, ОАВ фаолиятига алоқадор жиноятлари учун халқаро суд орқали таъқиб қилишга чақирамиз, – дейилган ҳужжатда.
Соғлиқни сақлаш идораси эълон қилган ҳисоботда секторда қурбон бўлганлар сони 41 206 кишига етгани, 95 337 киши жароҳат олгани акс этган.
Исроил армияси 2023 йил октябрда Ғазода, жумладан фуқаролик объектларига зарба беришни кўзда тутувчи “Темир ханжар” ҳарбий амалиётини бошлаган. Айни пайт анклав тўлиқ қамал қилиниб, сув, электр-энергия, ёнилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш тўхтаган.
Халқаро ҳамжамият ушбу масалани 1967 йилдан ўз чегараларига эга бўлиб, пойтахти Шарқий Қуддус ҳисобланган Фаластин давлатини ташкил этиш бўйича БМТ ХК томонидан тасдиқланган режа асосида ҳал қилиш кераклигини таъкидлаб келмоқда.