Чап қанот демократ ва Фаластиннинг ашаддий тарафдори Зуҳрон Мамданий Нью-Йорк шаҳри мэри учун ўтказилган сайловда ғалаба қозонди. Унга сайловчиларнинг 50,4 фоизи овоз берди. Шу тариқа Мамданий АҚШнинг энг йирик, Исроилдан ташқаридаги энг улкан яҳудий жамоаси жойлашган шаҳарда ҳоким лавозимини эгаллаган биринчи мусулмон ва илк очиқ социалист сифатида тарихда қоладиган бўлди.
34 ёшли Зуҳрон сайлов олди кампаниясида ҳар бир маҳаллада шаҳар дўкони очиш, автобусни текин ва тез-тез юрадиган қилиш, беш ёшгача бўлган барча болалар учун бепул мактабгача таълим муассасаси жорий этиш ва 1 миллион квартира ижарасини музлатишга ваъда берган.У айни чоралар бойларга солиқ оширилиши орқали молиялаштирилишини таклиф қилмоқда.
Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти учун Исроилни танқид қилиб келаётган бу сиёсатчи аввалроқ “Бош вазир Биньямин Нетаньяху Нью-Йоркка келса, ҳибсга олиши”ни айтган.
Мамданий Исроил сиёсий ва ҳуқуқий тизимида яҳудийларни қўллаб-қувватлаш баробарида барча динлар учун тенг ҳуқуқ таъминланиши керак, деб ҳисоблайди. Шунингдек, “Исроил Ғазода геноцид содир этаётгани” хусусидаги фикрни қўллаб-қувватлайди.
АҚШнинг амалдаги Президенти янги мэрни хуш кўрмайди. Оқ уй раҳбари уни “Нью-Йорк шаҳрини вайрон қиладиган коммунистик телба” деб атаган ва “Мамданий сайловда ғалаба қозонса, шаҳарга федерал маблағ қисқартирилиши” билан таҳдид қилган. Дональд Трамп Нью-Йоркда туғилган, шу боис мазкур шаҳар етакчи учун алоҳида аҳамиятга эга. Амалдаги Президент айнан шу ерда отасидан мерос қолган бойлигини кўпайтирди, оиласи номини брендга айлантирди. Жумладан, Манхеттенда унинг номи билан аталган бир неча осмон ўпар бино – “Trump Organization” мажмуаси бош қароргоҳи жойлашган 58 қаватли “Trump Tower” қад ростлади. Табиийки, Мамданийнинг солиқни ошириш таклифи Трамп хонадони даромадига ҳам таъсир қилади.
Нью-Йорк шаҳрининг янги ҳокими аллақачон Трампга қарши чиқа бошлади, чамаси. Куни кеча Мамданий тарафдорларига мурожаат қилиб, шундай деди:
– Агар кимдир Трамп хиёнат қилган халққа уни қандай мағлуб этишни кўрсата олса, бу – Дональдни туғдирган шаҳар. Мабодо деспотни қўрқитишнинг биргина йўли бўлса, бу – етакчининг ҳокимият тўплашига имкон берган шароитни йўқ қилиш. Шу тариқа биз нафақат Трампни, балки кейингисини ҳам тўхтатамиз.
Шунингдек, у “Трамп каби миллиардерларга солиқдан қочиш имконини берадиган коррупцияга чек қўйиш” ваъдасини ҳам берди.
– Нью-Йорк шаҳри иммигрантлар томонидан қурилган, иммигрантлар томонидан бошқариладиган ва энди иммигрант бошқарадиган иммигрантлар шаҳри бўлиб қолади, – дея қўшимча қилди мэр. – Қулоқ солинг, Президент Трамп! Агар сиз бизнинг сафимиздаги бирор кишига етиб келмоқчи бўлсангиз, албатта барчамизга дуч келасиз.
С.Раҳимов, ЎзА