Фаластин элчиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Фаластин Давлати Фавқулодда ва мухтор элчиси Жавод Муҳаммад Аводни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Ф.Сидиқов Элчини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, масъулиятли дипломатик миссиясида муваффақият тилади.
Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболи, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқотда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
ЎзА