English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фахрийлар ҳаёти ёшлар учун ибрат мактаби
17:17 / 2020-01-20

Жонкуяр ва фидоий устоз, генерал-майор Жўра Агзамовнинг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир ҳам курсантларга катта таассурот қолдирди.


Ички ишлар вазирлиги академиясида ёшларни она Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялаш, устоз шогирд анъаналари асосида соҳа фидоийларининг шарафли ҳаёти ва фаолиятини ибрат намунаси сифатида кўрсатиш, хотирасини ёд этиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Жонкуяр ва фидоий устоз, генерал-майор Жўра Агзамовнинг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир ҳам курсантларга катта таассурот қолдирди.

– Мамлакатимиз ички ишлар тизимида хизмат қилаётган инсонлар борки, устозимизни юксак эҳтиром билан ёдга олади, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов. – Жўра ака ҳаётини касбига бахшида этган, инсоний фазилатлари билан иззат-икром топган ҳалол ва шижоатли инсон эди. Эл-юртимиз тинчлиги йўлида кўп йиллар садоқат билан хизмат қилган устозимиз ўзидан яхши ном ва юзлаб шогирдлар қолдирди.

Хотира кечасида Жўра Агзамовнинг ҳаёти, Тошкент ўрта махсус милиция мактабини тамомлагандан сўнг бошланган машаққатли хизмат фаолияти, мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашга қўшган ҳиссаси, ёш авлодга қолдирган ибратли амаллари, эзгу фазилатлари ёдга олинди.

071A4722.JPG

Айтиш керакки, мустақилликка эришиш арафасида республикамиздаги иқтисодий-ижтимоий ҳаёт таназзулга ботаётган, жамиятда жиноятчилик кенг қулоч ёйган эди. Жўра Агзамов ҳам мураккаб даврда халқимиз осойишталигига рахна солаётган иллатларга қарши муросасиз курашди.

Айниқса, “Ўзбеклар иши”, “пахта иши” каби бўҳтонлар авж олган, минглаб ватандошларимиз қатағон қилиниб, ноҳақ қамалган таҳликали даврда халқимизга юксак жасорат ва садоқат билан хизмат қилди. У истеъфога чиққандан кейин ҳам ўз тажрибаси, ҳаётий ўгитларини ёшлар билан баҳам кўрди. Ички ишлар органлари сафларида хизмат қилаётган шогирдларига соҳа сир-асрорларини ўргатди.

– Тадбирдан маънавий озуқа олдим, – деди 2-курс курсанти Сардор Анваров. – Генерал-майор Жўра Агзамов тимсолида бурчга садоқат, мардлик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик сингари фазилатларнинг инсон ҳаётида нечоғлик юксак аҳамият касб этишини яна бир карра ҳис этдим. Албатта, бундай инсонларнинг умр йўли биз ёшлар учун, том маънода, ибрат мактаби бўлмоғи керак.

Тадбирда марҳумнинг сафдош дўстлари, фарзандлари илиқ хотиралари, ҳаётий воқеаларни сўзлаб берди. 

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими.