Фахрий темирйўлчилар озиқ-овқат билан таъминланди
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабаб карантин жорий этилганига ҳам бир ойдан ошди.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабаб карантин жорий этилганига ҳам бир ойдан ошди.
Ўтган вақт давомида ҳукуматимиз томонидан ушбу касалликка чалинганларни зудлик билан даволашга катта эътибор қаратилаётгани баробарида уйда қолаётган пенсионерлар, боқувчисини йўқотганлар, турли гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилаларни моддий, маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга беғараз озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, ғамхўрлик кўрсатилмоқдаки, бу халқимиз бошига тушган синовли кунларда давлатимиз фуқаролар ҳаётига, уларнинг турмуш шароитига бефарқ эмаслигини амалда яна бир бор исботламоқда.

Ушбу синовли кунларда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбар ва мутахассислари томонидан изчиллик билан амалга оширилаётган вазифалар, айниқса, юк ташиш соҳасининг барқарор фаолият кўрсатаётгани мамлакатимиз иқтисодиёти, тадбиркорлар ривожи ва халқимиз турмуш тарзини яхшиланишига муносиб хизмат қилаётгани эътиборга лойиқ.
Жамият раҳбарияти томонидан республикамизнинг барча ҳудудларидаги темир йўл транспорти тизими корхоналарида фидойилик билан меҳнат қилаётган матонатли касб эгаларини ушбу вабодан асраш учун кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Соҳанинг ҳар бир корхоналарида, станция ва бошқармаларда санитария ва дезинфекция ишларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида нафақадаги темирйўлчилар ҳамда соҳада фаолият кўрсатаётган эҳтиёжманд касб эгалари, турли гуруҳдаги ногиронларни ижтимоий, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасиловнинг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши жорий этилган тартиб даврида пенсионерларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги буйруғига асосан республикамизнинг барча ҳудудларидаги темир йўл транспорти тизимида узоқ йиллар меҳнат фаолиятини олиб борган ва ҳозирда ижтимоий ҳимояга ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож пенсионерлар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд касб эгалари учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари беғараз етказиб берилди.

– Мамлакатимиз темирйўлчиларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, айниқса, соҳада узоқ йиллар фаолият кўрсатиб пенсияга чиққан фахрийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда, – дейди Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Собиров. – Айниқса, давлатимиз, халқимиз бошига тушган бугунги синовли кунларда ёрдам қўлини чўзиш, уларга ғамхўрлик қилиш олий қадриятдир.
Шу мақсадда мутахассисларимиз билан бирга Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча темир йўл корхоналарида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, пенсияга чиққан ҳамда айни пайтда соҳада меҳнат қилаётган боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд ҳамда ногиронлиги мавжуд бўлган темирйўлчилар оиласи аниқланди. Уларнинг хонадонига бориб, санитария, гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда озиқ-овқат тўпламлари тарқатилди, холидан хабар олинди. Ушбу ғамхўрлик тадбири давомида 2 минг нафарга яқин эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
