Рақамли жамият шароитида “fake news”— ёлғон ёки манипулятив ахборот — бошқарув самарадорлигига таҳдидлардан бирига айланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда тез тарқаладиган дезинформация аҳоли фикри, сиёсий қарорлар ва ижтимоий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатмоқда. Fake news — бу фақатгина ахборот тарқатиш нуқсони эмас, балки ижтимоий хавф, чунки у халқнинг давлатга бўлган ишончини пасайтиради, институционал барқарорликка путур етказади.
Фейк – инглизча “fake” сўзнинг анологи бўлиб, замонавий тилшуносликда кўпинча икки хил: “trick” – қув, айёр, алдов, ясама, сохта деган маъноларда қўлланади. Шу билан бирга, баъзан “swindle” – ҳазил, хушчақчақлик деган маъноларни ҳам ифода этади. Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожлангани сари бу феномен жаҳон миқёсида жиддий ижтимоий хавф сифатида намоён бўлмоқда. Аслида эса ёлғон ахборот тарқатиш амалиёти тарихан анча илгари, сиёсий пропаганда шаклида пайдо бўлган. “Fake news” атамасининг оммалашуви 2016 йил АҚШда президентлик сайловлари пайтида оммавий равишда тарқалди. Ижтимоий тармоқларда сохта сиёсий хабарлар, манипулятив видеолар ва ботлар орқали тарқалган ахборот жамоатчилик фикрига катта таъсир кўрсатди. 2010 йилдан ҳозиргача Facebook, YouTube, X(Twitter) каби платформаларда алгоритмлар “сенсацион” ва тез тарқаладиган материалларни илгари суради. Шу туфайли фейк хабарлар оддий ахборотдан кўра тезроқ тарқалади.

Илмий манбаларда фейк хабарларни бир нечта турга бўлиб, ўрганишади. Жумладан, дезинформация (Disinformation) — бунда қасддан ёлғон маълумот тарқатилади, жамият онгига таъсир қилинади ёки сиёсий манфаатлар илгари сурилади. Мисинформация (Misinformation) — фактлар ҳақида адашиш ёки текширилмаган маълумотни тарқатишдир. Малинформация (Malinformation) эса — ҳақиқий маълумотни манипуляция қилиш, уни контекстдан узиб олиш ёки шахсий маълумотни тарқатиш ҳисобланади.
“Rasmiy axborot” телеграм канали маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2017/2025 йилларда интернет фойдаланувчилари сони 14,7 млн.дан 32,7 млн.га ошган. Энг оммабоп платформалар орасида – “Telegram”да 28 млн., “Odnoklassniki”да 19,2 млн., “Facebook”да 2,3 млн.,“ВКонтакте”да 1,5 млн.,“LinkedIn”да 850 минг, “Twitter”да 250 минг нафар ўзбекистонлик фойдаланувчи мавжуд. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатадики, онлайн платформалар фойдаланувчилари қандай ҳуқуқларга эгалиги (эгамаслиги) борасида қонунчиликда аниқ нормалар мавжуд эмас. Ахборот тарқатишга оид талаблар эса миллий қонунчиликда тизимли ва етарли даражада комплекс тартибга солинмаган. Шу боис, бугунги кунда шаклланиб улгурган “fake news” жамиятда маълум салбий таъсир кучига эга бўлди. Бундай контентлар омма фикрини манипуляция қилиш ва уни сунъий равишда маълум мақсадга йўналтиришга ҳам баъзан эришмоқда.
“FAKE NEWS” НЕГА ТЕЗ ТАРҚАЛАДИ?
Тадқиқотлар бу саволнинг бир нечта омилларини кўрсатади. Биринчидан, ижтимоий тармоқларда ахборотнинг ўта тез алмашинуви. Бу майдонда хабарлар фактологиядан кўра тезлик ва қизиқиш асосида тарқалади. Оддий фойдаланувчилар манба текширмайди. Яъни, аудитория бирданига тўғри ахборот билан фейкларнинг фарқини ажрата олмайди. Иккинчидан, бунда иқтисодий манфаат — “кликбейт” модели мавжуд. Яъни, ёлғон ва “сенсацион” сарлавҳалар кўпроқ кўриш-ўқиш олиб келади, бу эса реклама даромадини оширади. Учинчидан, ЮНЕСКОнинг “Дезинформация бўйича огоҳлантириш”ига кўра, фуқароларда ахборот саводхонлиги анча паст. Кўпчилик манбани текширмасдан ишонади. Фактчекинг маданияти кўп давлатларда ҳали яхши шаклланмаган. Тўртинчидан, бунда психологик омиллар таъсири мавжуд. Яъни, инсон тафаккури хавотир уйғотувчи хабарлардан тез таъсирланади. Бешинчидан, технологик омиллар — Deepfake, AI контент. Сунъий интеллект аудио, видео ва фотонинг ҳақиқийлигини фарқлаш имконини камайтирди.
UNESCOнинг 2023 йилдаги маълумотларига кўра, глобал рақамли муҳитнинг тез суръатларда ривожланиши, ахборот оқимининг ҳаддан ташқари ошиши ва ижтимоий тармоқлар аудиториясининг кенгайиши натижасида медиахавфсизлик масаласи давлат бошқаруви учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Айниқса, фейк маълумотлар тарқалиши, дезинформация ва манипулятив ахборот кампаниялари жамият барқарорлигига, аҳоли онги ва давлат тузилмаларига ишонч даражасига жиддий таҳдид солмоқда. Фейклар ахборотнинг шунчаки бир тури эмас, ХХI асрда энг кўп муҳокама қилинаётган янги феномен сифатида унинг назарий ва амалий моҳиятини аниқлаш, тадқиқ қилиш муҳимдир. Бу турдаги инфолар ўз-ўзини кўпайтира олиши ва ёлғон тафсилотлар билан бойиб бориши унинг ижтимоий хавф даражасини янада оширади. 2018 йилда ЮНЕСКО томонидан нашр этилган “Journalism, fake news & disinformation: handbook for journalism education and training” қўлланмасида Даниэл Патрик Мойнихан (Daniel Patrik Moynixan), Nyu-York штати сенатори ва Ҳиндистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг элчисининг қуйидаги фикри келтирилади: “Ҳар бир инсон ўз шахсий фикрига эга бўлиш ҳуқуқига эга, аммо ўз шахсий фактларига эга бўла олмайди.” Яъни, факт барча учун бирдек. Уни ўзлаштириш, ўзгартириш, нотўғри талқин қилиш мумкин эмас. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Канат Абдикаримов “Media literacy as a means of protecting Uzbekistan's media environment from disinformation” мақоласида Ўзбекистонда 2023 йилда сўровнома ўтказгани, унда 1066 нафар респондент иштирок этгани ва фейкни аниқлашда аҳолининг ахборот саводхонлик даражаси етарли эмас, деган гипотезани беради.
ФЕЙК ХАБАРЛАРНИНГ БОШҚАРУВДАГИ ИЖТИМОИЙ ВА ИНСТИТУЦИОНАЛ ОҚИБАТЛАРИ
Охирги йилларда, айниқса, 2019-2020 йиллардан бошлаб, Ўзбекистонда фейк хабарлар (disinformation) тарқалиши сезиларли даражада оммалашди. Бу жараён COVID‑19 пандемияси даврида, айниқса авж олди. Бунга интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали нотўғри ахборот тез ва кенг тарқалиши имконият яратди. Гарчи давлат томонидан фейк хабар тарқатганлик учун қонуний жавобгарлик кучайтирилган бўлса ҳам, ахборотнинг виртуал муҳитда тез тарқалишини бутунлай назорат қилиш ва чеклаш амалиётида аниқ чегараларни белгилаш имконсизлигича қолмоқда.
Фейк хабарларнинг тарқалиши давлат бошқарувида ҳам бир неча йўналишда таъсир кўрсатади. Ёлғон ахборотнинг тез тарқалиши ва жамоатчилик фикрига таъсир этиши давлат хизматчилари томонидан қабул қилинадиган қарорлар самарадорлиги ва сифатини пасайтиради. Жамоатчилик фикри нотўғри маълумотларга асосланса, қарорлар асоссиз танқидга учраши мумкин, бу эса “public trust deficit” (жамоатчилик ишончининг пасайиши)га олиб келади. Ёлғон хабарлар давлат хизматчилари ёки идоралар фаолиятига қаратилганда, уларнинг ижтимоий мавқеига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, бу жараён уларда стресс ва босимни оширади. Табиийки, фейк хабарлар тарқалиши фактчекингни талаб қилади. Бу эса, ортиқча вақт сарфи дегани. Натижада бошқарув самарадорлигида пасайиш кузатилади.
АНЪАНАВИЙ ОАВ “ФЕЙК” ДАН ФОЙДАЛАНАДИМИ?
Анъанавий оммавий ахборот воситалари (матбуот, ТВ, радио, интернет) одатда редакцион стандартлар ва фактчек қоидаларига риоя қилади. Аммо иқтисодий ва редакцион сабаблар туфайли маълумотлар бир томонлама ёритилиши мумкин. Аксар ОАВлар коммерция(фойдага йўналтирилган фаолият) ташкилотлари ҳисобланади. Шу боис, баъзи материаллар тўлов асосида чоп этилиши мумкин. Табиийки, бу ҳолатда улар фақат муайян томон манфаатини акс эттиришади. Шу боис, ахборотдан фойдаланишда бир нечта манбани текшириш, тўлов асосида чоп этилган материаллар (PR) ва мустақил журналистик мақолаларни онгли равишда англаб, фойдаланиш лозим.
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР ОРҚАЛИ ТАРҚАТИЛАЁТГАН ФЕЙК ХАБАРЛАРНИ ФАКТЧЕКИНГ ҚИЛИШ АЛГОРИТМИ
Ўзбекистонда ахборот асосан Telegram, Instagram, Facebook ва TikTok орқали тез тарқалади. Бу платформаларда эмоцияга йўналтирилган контент дезинформация хавфини оширади. Шу боис, фейк хабарларни аниқлаш ва уларга қарши чора кўриш давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Қуйида самарали фактчекинг жараёнини тавсия қиламиз:
Манба ишончлилигини баҳолаш. Аккаунт қачон очилган, у орқали қандай контент тарқатилган, фойдаланувчи қайси гуруҳлар ва тармоқларга тегишли эканини таҳлил қилиш лозим. Янги аккаунтлар кўпинча дезинформация тарқатиш ва мистификация учун яратилади. Баъзи хабарлар маълум гуруҳ ёки шахс манфаатига хизмат қилиш мақсадида тарқатилиши ҳам мумкин.
Контент контексти ва жой маълумотларини текшириш. Фойдаланувчи постида кўрсатилган жой, вақт ва ҳолатнинг ҳақиқийлиги текширилади. Гео-теглар ва визуал далиллар воқеа ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда содир бўлганини тасдиқласа, ахборот қарор қабул қилишда асос бўлади. Баъзи видеолар ва фотолар хориждан олинган ва маҳаллий воқеага боғланган ҳолда тарқатилади.
Визуал контентни текшириш. Фото ва видеоларни Google Reverse Image, Yandex Images, TinEye ва InVID орқали текшириб, манба ишончлилиги аниқланади.
Бирламчи манбалардан текшириш. Хабардаги маълумотлар расмий манбалар(president.uz, lex.uz, stat.uz, gov.uz...) орқали текширилади. Бу босқич давлат бошқарувининг ахборот шаффофлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади. Кўп фейк хабарлар “манбага кўра”, “инсайдерларга кўра”, “ҳукуматдаги ишончли вакилимизга кўра”, деган иборалар билан тарқатилади.
Далилларни қиёслаш ва мантиқий таҳлил. Рақамлар, фактлар, сана ва жой бир нечта мустақил манбаларда мос келиши текширилади. Агар маълумотлар бир-бирига зид бўлса, хабарнинг ишончлилиги пасаяди. Бу давлат идораларига нотўғри ахборотга асосланган қарорлар қабул қилишнинг олдини олиш имконини беради.
Дезинформация турини аниқлаш (“First Draft” асосида). Бунда контекстдан чиқариш, сохталаштириш, монтаж, эски маълумотни “янги” қилиб кўрсатиш каби фейк хабарлар турлари аниқланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, “Fake news”га замонавий ахборот муҳитида ҳар қандай демократик давлат учун глобал ижтимоий ва сиёсий таҳдид сифатида қаралади. Дезинформацияга қарши самарали сиёсатларни амалга ошириш, очиқлик ва ҳисобдорлик стандартларини жорий этиш, фактчекинг ҳамда медиа саводхонликни ривожлантириш давлат бошқарувининг институционал самарадорлигини мустаҳкамлайди. Шунингдек, ахборотларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш механизмлари бошқарув қарорларини фактларга асосланиб қабул қилишда ва ижтимоий хавфларни минималлаштиришда стратегик аҳамиятга эга. Бу эса давлат ва жамият ўртасида ишонч муҳитини мустаҳкамлаб, бошқарувнинг барқарорлигини таъминлайди.
Гулчехра Ашурова,
мустақил тадқиқотчи