Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Facebook тармоғидаги 3 миллион қозоғистонликнинг шахсий маълумотлари очиқланишига изоҳ берилди
21:33 / 2021-04-05

Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусин Facebook тармоғида рўйхатдан ўтган 3 миллион қозоғистонликнинг шахсга доир маълумотлари тарқалишига изоҳ берди, деб хабар қилади zakon.kz. Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда Facebook ижтимоий тармоғидаги техник муаммолардан хабардор бўлиш имкони йўқ.

Одамлар рўйхатдан ўтишда “Ок” деган тугмачани босади бўлди, аслида у ҳеч қандай эътирози йўқлиги ҳақида шартномани имзолайди. Ҳеч ким бу шартномани ўқимайди, шу боис бу нарса фақат Facebookнинг ўзига аён, – деди Багдат Мусин Марказий коммуникациялар хизмати брифингида.

Воқеа муносабати билан рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири қозоғистонликларни шахсий маълумотларини ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликни тавсия қилди.

Сизни ожиз аҳволга солиб қўйиш мумкин бўлган маълумотларни нашр этмаслик керак. Булар шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар, телефон рақамингиз, банк карточкалари ва шу каби маълумотлар бўлиб, уларни ошкор этмаслик керак, – деди вазир.

4 апрель куни хакерлар форумида 533 миллион нафардан ортиқ Facebook фойдаланувчисининг шахсий маълумотлари мавжуд экани аён бўлди. Улар 106 та мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларидир.

Жумладан, Қозоғистондан 3 миллион, Россиядан қарийб 10 миллион нафар фойдаланувчининг маълумотлари бор. Маълумотлар базасига фойдаланувчиларнинг тўлиқ исмлари, турар жойи, туғилган санаси, таржимаи ҳоли, телефон рақамлари, айрим ҳолларда электрон почта манзиллари жойлаштирилган.