Интернет-ресурслардаги муаммоларни кузатиб борувчи Downdetector портали хабар беришича, дунё бўйлаб Facebook, Instagram ва WhatsApp платформалари бир неча соатдан буён ишламаяпти.
Фойдаланувчилар ушбу ижтимоий тармоқларнинг веб-сайтлари ва иловалари ҳамда серверларга уланиши билан боғлиқ носозликлардан шикоят қилмоқда.
Риа Новостининг хабарига кўра, тармоқлардаги носозликлар Москва вақти билан 18:34 дан кейин кузатилган.
Қолаверса, Telegram'да ҳам узилишлар юз бераётгани норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бироқ, ҳозирча носозликларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот йўқ.
Ушбу номаълум ҳолат юзасидан қатор шикоятлар келиб тушаётгани айтилмоқда. Улар, асосан, АҚШ ва Буюк Британия, шунингдек, Канада, Голландия, Германия, Италия, Франция, Россия мамлакатлари аҳолиси бўлиб турибди.
Шу боис, Facebook компанияси техник хизматлари раҳбари Майк Шрепфер тармоқларда кузатилаётган носозликлар учун фойдаланувчилардан узр сўраган.
Таъкидлаш керак, Facebook, Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқларида кузатилган узилишлардан сўнг Telegram, Youtube, Twitter, Snapchat, TikTok, Gmail, Netflix, Zoom ва шу каби бошқа машҳур платформалар ҳам ишдан чиқишни бошлади.
Эслатиб ўтамиз, Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқлари Facebook компаниясига тегишли.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА