"Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан Андижон вилоятида биринчи бўлиб амалиётга жорий этилган Face ID тизими воситасида суюлтирилган газ етказиб бериш янги тажриба сифатида синовдан ўтказилмоқда. Ҳар бир чилангар махсус планшетлардан фойдаланиб, истеъмолчиларга газни аниқ ва самарали етказиб беради.
Планшетларда интеграция қилинган “E-gaz” дастури воситасида истеъмолчининг газ олган вақти ва миқдори ҳақидаги маълумотлар SMS-хабарнома асосида истеъмолчи ва Жамиятнинг махсус базасига автоматик равишда узатилади. Бу тизим фуқароларнинг шахсини аниқ идентификация қилиш имконини беради ва бир хонадон ёки бир шахсга такрорий ва ноқонуний газ ажратилишининг олдини олади.

Face ID тизими воситасида тарқатиш давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматларни рақамлаштириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Айниқса, қиш мавсумида маиший газга бўлган талаб кескин ошиши инобатга олинганда, бу тизим аҳолининг эҳтиёжини ўз вақтида қондириш ва ижтимоий барқарорликни сақлашда самарали механизм сифатида хизмат қилади.
Ҳар бир хонадонга етказиб бериш даври 40-45 кунни ташкил қилади. Агар ушбу муддатдан кейин газ олинмаса, тизим бу ҳолатни автоматик равишда қайд этади ва тегишли чоралар кўрилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА