Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фабиано Каруана: “Синдоров “яширин инстинкт”га эга шахматчи”
18:39 / 2026-02-23

Жорий йилнинг 28 март-16 апрель кунлари Кипрда “Номзодлар турнири”да иштирок этадиган 8 нафар иштирокчидан кимнинг имконияти юқорилиги тўғрисида таниқли шахматчилар томонидан турли мулоҳазалар билдирилмоқда.

Қизиғи, деярли барча экспертлар "Номзодлар турнири"да АҚШ вакили Фабиано Каруанани асосий фаворит сифатида кўрсатган.

Хўш, Фабиано амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга рақибликка даъвогарлик қилишга ҳозирланаётган қолган 7 нафар иштирокчи тўғрисида қандай фикрда? Умуман, Каруана кимнинг имкониятини юқори баҳоламоқда?

“Номзодлар турнири” иштирокчиси рақиблари ҳақида тўхталиб, турнирда қатнашишдан асосий мақсади ютиш эканлигини айтиб, олдинги турнирларга қараганда иштирокчиларнинг тайёргарлик даражасида фарқ анча камайганини, ҳамма деярли бир хил даражада эканини,  натижани бошқа омиллар ҳал қилишини айтиб ўтди.

Рақиблари хусусида бир-биридан қизиқарли ва қарама-қарши фикрларни билдирган америкалик шахматчи Праггнанандҳа ва Накамуранинг энг юқори имкониятга эгалигини, стратегик жиҳатдан кучли саналадиган Аниш Гирининг имконияти хитойлик Вей Идан бироз юқори, аммо Праггнанандҳадан пастроқлигини айтиб ўтган.

Россиялик Алексей Есипенконинг ўйинини ҳурмат қилишини, лекин рейтинги ва йирик турнирларни ютмаганини ҳисобга олиб, асосий фаворит дейиш қийинлигини билдирган.

— Синдоров турнирда ғалаба қозониш салоҳиятига эга шахматчилардан бири. Жуда хавфли. У “яширин инстинкт”га эга гроссмейстер. Мен ҳам биринчи "Номзодлар турнири"мда катта тажрибага эга эмасдим, лекин барибир биринчи ўрин учун курашганман. Ҳозир у жуда яхши формада. Муваффақиятга эришиш эҳтимолини Аниш билан бир даражада ёки ундан бироз юқорироқ қўйган бўлардим, –дея фикр билдирган Фабиано Каруана.

Германиялик Блюбаумнинг ютиш имконияти чекланган бўлса-да бошқаларнинг натижасига таъсир кўрсата олиши билан алоҳида ўринга эгалигини, Жавоҳир Синдоровнинг тажрибасиз ҳолатда нафақат турнир об-ҳавосини белгилаши, балки яхши натижа кўрсатиши, холис қараганда ғалаба имконияти борлар қаторида қайд қилишга арзишини ҳам келтирган.

Т.Рўзиев, ЎзА