Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фақат бугунни ўйлаб яшаб бўлмайди!
15:26 / 2020-03-30

Шу кунларда халқимиз учун энг зарури – бирдамлик!

Эл бошига иш тушганда

Шу кунларда халқимиз учун энг зарури – бирдамлик! Чунки синовли кунларни бошдан кечиряпмиз. Бутун дунё оёққа турган. Бу кўринмас балои офатни даф қилиш учун ҳамма чоралар кўриляпти. Одамларимизни асраш, уларнинг соғлигини муҳофаза қилиш давлатимизнинг энг муҳим вазифасига айланган.

Аммо эл бошига иш тушганда шунчаки томошабин бўлиб ўтириш ярамайди. Баъзилар, ҳеч бўлмаса, “Эй барака топгурлар, беҳуда ваҳима кўтарманглар, карантин қоидаларига амал қилинглар” деган оддий талабни ҳам бажара олишолмаётгани одамни ташвишга солади.

Тўғри, давлатимиз ҳеч бир юртдошимизни эътибордан четда қолдирмайди. Аммо нажотни фақат осмондан кутиб яшаш ҳам тўғри эмас-да. Чунки, бу оғир дардни эртами, индинми, бари бир енгиб ўтишимизга, ишонаман. Ҳаёт яна аввалги маромига тушади ҳам! Хўш, шундай экан, фақат бугунни ўйлаб яшасак, ютқазиб қўйишимиз мумкин.

Жилла қурса, биз, тадбиркорлар, бундай машаққатли дамларда фидойи бўлайлик! Давлат иқтисодиёти зарар кўрмаслиги учун жон койитайлик!

Ўзимиздан мисол, корхонамизда олти киши ишлайди. Кунига бир тонна миқдорида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Лекин, фаолиятимизни бутунлай тўхтатиб қўя олмаймиз. Чунки, ҳамма технологик жараёнларни ёппасига тўхтатса, аҳолининг эҳтиёжлари нима бўлади? Танқислик юзага келмайдими? Яхши умидлар билан очган корхонамиз-чи? Ишчиларимизнинг аҳволи нима кечади? Ахир уларнинг ҳам рўзғори, бола-чақаси, қора қозони бор! Қолаверса, давлат иқтисодиёти учун ҳам мадад керак!

Айни сабабдан, аввало, ишчиларимизнинг карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишини таъминлаяпмиз. Дезинфекция қилинган машиналарда ишга қатнашяпти. Корхонамизда ҳам худди шундай чоралар кўрилган. Барча тиббий ниқоб, шахсий гигиена воситалари билан таъминланган. Яъни саломатлиги доимий назоратда.

Айтмоқчи бўлган гапим шу: эл бошига тушган бу дардни ҳамжиҳатликда енгайлик! Карантин даврида одамларимизнинг ўз уйларида хотиржам, ҳеч нарсага зориқмай ва беташвиш ўтириши, давлатимизнинг иқтисодий бақувват бўлиши бугун кўпроқ сизу бизга боғлиқ, азиз тадбиркорлар!

Акмалхон МАҲМУДОВ,
Наманган шаҳридаги “Водий нон” корхонаси раҳбари.