Украинанинг Россия ҳарбий қисмларига қарши кучли зарбаси, РФ ҳудудига уч ҳафталик ҳужум ҳарбий ва сиёсий натижа бераётгани эътироф этиляпти. Россия самолётларини чегара яқинидаги аэродромлардан олган, Украинага ташланаётган бомба сони камайган. Ҳафта давомида Москва қиммат турар-жойларини ҳимоя қилиш чорасини кўраётгани ҳақидаги далиллар ҳам оммага сeздирилди.
Мустақил таҳлилчилар фикрига кўра, июнь ойи иккинчи ярмидан июль ўрталаригача Россия кучлари самолёт ва вертолётларини ҳам чегарадан узоқлаштирган. Украина телеканалларида Курск ҳужуми ортидан мамлакат шимоли-шарқига авиация юриши анча камайгани гапирилмоқда. Масалан, Суми вилоятига аввал 30-50 тагача “Зенит” ракетаси отилган бўлса, сўнгги кунларда бу кўрсаткич 3-4 тага тушган.
Москва Украинадан қанча аскарини олиб кетгани тўғрисида турлича тахмин бор. Бош қўмондон Александр Сирский ушбу рақамни 30 мингтагача эканини фараз қилди. Вашингтонда жойлашган Урушни ўрганиш маркази Курскдаги бой берилган ҳудудни қайтариб олиш учун РФга 60 минг аскар зарурлигини айтди.
Киев АҚШнинг узоққа учадиган қуроли билан зарба бериш чекловини олиб ташлаш бўйича музокара устида ишламоқда. Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Британия ва Франция томонидан тақдим этилган “Storm Shadow” ёки АҚШнинг “ATACMS” каби узоқ масофага учадиган ракеталари Киев режимини террор ташкилотига айлантиришини билдирди. Уч ҳафта ичида Украина 1300 квадрат километр атрофидаги майдонни босиб олган, 100 аҳоли манзилини ўз назоратига олган.
27 август кунги матбуот анжумани вақтида Зеленский Украина Россия ҳужумини қайтариш учун илк бор Ф-16 самолётларидан фойдаланганини айтди.
“Мазкур кенг кўламли комбинациялашган ҳужумда Ф-16 ёрдамида бир неча ракета ва дронни уриб туширдик. Ҳамкорларга етказиб берилган Ф-16 лар учун миннатдорлик билдирамиз”, — деган у.
Айрим манбаларда ушбу ҳужумда Украинага етказиб берилган Ф-16 ҳалокатга учрагани келтирилган, аммо бу ҳақда Зеленский гапирмаган. Учоқ уриб туширилгани ёки учувчи хатоси туфайли қулаб тушгани ҳақида тахминлар бор.
Аввалроқ “Wall Street Journal” газетаси, ўз манбасига таяниб, самолёт душман зарбаси билан уриб туширилмагани, учувчи хатоси туфайли қулагани эҳтимоли юқорилигини ёзганди.
Ф-16 ҳалокати ҳақидаги хабардан кейин Украина ҳаво кучлари учувчи Алексей Мес 26 август куни “Россиянинг комбинациялашган ракета-авиация зарбасини қайтариш чоғида ҳалок бўлгани”ни тасдиқлади.
Ушбу воқеадан кўп ўтмай Зеленский Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчукни лавозимидан четлаштирди. Бу ҳақдаги фармон Президентнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди. Олешчук бўшатилиш сабаби ҳақида маълумот берилмади.
Маҳаллий нашрлар қайд этишича, истеъфога Ғарб берган Ф-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учрагани сабаб бўлиши мумкин.
Украина ўз олдига 2024 йил 1 миллион қисқа масофали, 10 минг ўрта масофага мўлжалланган ва 1000 дан ортиқ 1000 километрга уча оладиган дрон яратиш вазифасини қўйган эди. Сешанба куни Зеленский мамлакат ўзининг биринчи баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди.
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Россия пули Украинага ёрдам сифатида жўнатилганини айтди.
– Россия маблағидан фойдаланишни бошладик, Украина ва ЕИ мамлакатларига ҳарбий юк учун 1,4 миллиард евро юборилди, – деди у.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 26 июль куни ЕИ Москванинг музлатилган активидан тушган даромаддан 1,5 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамнинг биринчи қисми Украинага ўтказилаётганини айтиб, ушбу маблағнинг 90 фоизи мудофаага, 10 фоизи Украинани тиклашга йўналтирилишини таъкидлаганди.
Россия Украинада ҳарбий амалиёт бошлагандан бери ЕИ ва Катта еттилик давлатлари РФ валюта захирасининг деярли ярмини, тахминан 300 миллиард еврони музлатди. ЕИда 200 миллиард евродан ортиқ маблағ, асосан, йирик ҳисоб-китоб ва клиринг тизими – Белгиянинг “Euroclear” компанияси ихтиёрида сақланади. Москва ЕИнинг бу қарорини ўғирлик, деб атаган.
Бен-Гвирнинг Ал-Ақсо мажмуаси тўғрисидаги баёноти танқидга учради
Исроил Миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир Ал-Ақсо мажмуасида ибодатхона қуришини айтди. Мамлакатлар ва қатор расмийлар унинг статус-квога зид мазкур хавфли изоҳини танқид қилган.
Ал-Ақсо Ислом оламининг учинчи муқаддас жойи, Фаластиннинг рамзи ҳисобланади. Вазир журналист билан суҳбатда, агар ихтиёр ўзида бўлса, ҳудудда ибодатхона қуришини билдирган. Исроил ҳукумати томонидан белгиланган, ўнлаб йиллардан бери амал қилиб келаётган статус-квога мувофиқ, яҳудийлар ва бошқа мусулмон бўлмаганлар Шарқий Қуддусдаги ушбу бинога ташриф буюриши мумкин, аммо ибодат қила олмайди.
Бен-Гвир эса армия радиоси орқали яҳудийларга бинода ибодат қилишга рухсат бериш кераклигини айтди.
– Араблар хоҳлаган жойида номоз ўқийди, – деди у. – Демак, яҳудийлар ҳам истагига кўра ибодат қилиши лозим. Ҳозирги сиёсат бунга имкон беради.
2022 йил декабрь ойида Миллий хавфсизлик вазири сифатида иш бошлаганидан бери Бен-Гвир муқаддас манзилга камида олти марта борган. Ал-Ақсо масжиди Иорданияга қарашли, аммо мажмуага кириш Исроил хавфсизлик кучлари томонидан назорат қилинади.
– Ал-Ақсо ва бошқа муқаддас манзиллар мусулмонлар учун тоза ибодат маскани, – дейилган Иордания Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. – Мамлакатимиз бундай ҳудудларга қилинаётган ҳужумларни тўхтатиш учун барча чорани кўради. Бу борада зарурий ҳуқуқий ҳужжат тайёрланмоқда.
Исроилнинг бир неча расмийси ҳам Бен-Гвирни қоралади. Биньямин Нетаньяху идораси баёнотида амалдаги сиёсат ўзгармаслиги маълум қилинган.
– Маъбад тоғидаги статус-квога қарши чиқиш хавфли, кераксиз ва масъулиятсиз ҳаракат, – деди мудофаа вазири Ёав Галлант.
– Бен-Гвирнинг ёндашуви давлатимиз миллий хавфсизлигига таҳдид, – дея фикр билдирган Исроил мухолифати раҳбари Яир Лапид. – Унинг шарҳи Нетаньяху ўз ҳукумати устидан назоратни йўқотганини англатади.
ХАМАС ҳам бу фикр хавфли эканини айтиб, Араб ва Ислом давлатларидан муқаддас жойларни ҳимоя қилиш учун жавобгарлик ҳис этишларини сўради.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги Исроилни ўз мажбуриятини бажаришга, кескинликни кучайтиришга қаратилган иғвогарона баёнотларини тўхтатишга чақирди.
Яҳудий давлати аскарлари ушбу ҳафта Ғарбий соҳилда кенг юриш бошлади. Ғазоликларга тажовуз ҳамон давом этмоқда, марҳумлар сони ортмоқда.
Ҳудудда турли гуманитар ташкилотлар машиналарига ҳужум, тўсқинлик ёрдам чекланишига олиб келяпти.
Исроилликлар ҳукуматдан Ғазо секторида радикаллар томонидан гаровга олинганларни зудлик билан озод қилиш ва мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказиш бўйича келишув тузишни талаб қилиб, яна оммавий равишда норозилик билдиришди. Энг йирик намойиш Тель-Авив шарқидаги ҳукумат биноси яқинида бўлиб ўтмоқда. Исроилда 2023 йил октябр ойидан бери гаровга олинганларни озод қилиш талаб этилаётган митинглар ўтказиб келинади. Намойишлар Тель-Авивдан ташқари Қуддус, Хайфа ва Кесария шаҳарларида ҳам бўлиб туради.
Дуров масаласи
Ушбу ҳафтанинг муҳим воқеаларидан яна бири “Телеграм” асосчиси Павел Дуровнинг Францияда қўлга олиниши бўлди. У бир неча кун ҳибсда сақланиб, қўйиб юборилди. Шаҳар прокуратураси маълум қилишича, маҳбус беш миллион евро гаров тўлаш мажбурияти билан озодликка чиқарилган. У ҳафтада икки марта полиция бўлимига келиши шарт, Францияни тарк этолмайди.
Париж прокуратураси матбуот хабарномасида келтирилишича, Дуровга уюшган жиноятчилик билан боғлиқ турли айблов қўйилган.
“Франция-24” телеканалида тергов мамлакат расмийлари “Телеграм” суд сўровига амалда жавоб бермаётганини пайқаганидан кейин бошлангани, бунга Европанинг бошқа давлатлари, масалан Бельгия вакиллари ҳам ишора қилгани айтилди.
Пойтахт прокуратураси кўрсатмаси билан 2024 йил февралда дастлабки суриштирув бошланган, суд эса 8 июлда терговга киришган.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/sJ4b2Z_59MQ" title="F-16 quladi. Ukrainaga ajratilgan ulush va Durov..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Президент Эммануэль Макрон Дуровга тезкор фуқаролик бериш тўғрисида қарор қабул қилди. У француз тилини ўрганадиган ва миллат равнақига ҳисса қўшадиган таниқли шахсларга фуқаролик бериш мамлакат учун ҳам фойдали бўлишини таъкидлаган.
“Le Canard” газетаси Павел қўлга олинганда Макрон у билан кечки овқат пайти учрашмоқчилигини ёзган эди. Бинобарин, Президент Дуровнинг Францияга келишини олдиндан билмаган.
– Унинг қўлга олиниши мустақил ҳаракат, – деган мамлакат етакчиси. – Мен ҳеч кимга буйруқ берганим йўқ. Бизда ҳамманинг ваколати белгилаб берилган. Франция прокурорлари тадбиркорни “Телеграм” иловасидаги жиноий фаолиятда, хусусан гиёҳванд моддалар савдоси ва болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материалларини тарқатишда шериклик қилишда айблаяпти. Адвокати Дуровни бевосита ёки билвосита тааллуқли бўлмаган жиноятларда айблашни мутлақо бемаънилик, дея таърифлаган.
Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа (видео), ЎзА.