Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети 4-босқич талабаси, ёш шоира Эъзоза Алимованинг Президент фармонига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганлиги, у таҳсил олаётган университет жамоасидан тортиб, Сирдарё вилояти аҳлини ҳам бирдек қувонтирди.
Айниқса, шоира қиз ота-онасининг шодликлари чексиз бўлди. Адабиёт, шеъриятга кўнгил қўйган Эъзоза болалигиданоқ ижодга ошно бўлди. Илк шеърлари туман, вилоят газеталарида босилиб чиқди. Ёш шоиранинг "Билмасвойнинг хатоси" илк шеърий тўплами 2014 йилда Давлат гранти асосида 2000 нусхада чоп этилди. Унинг 2015 йилда "Онажоним," 2018 йилда "Сирдарё ғунчалари" китоблари дунё юзини кўрди. 2021 йилда Эъзозанинг шеърлари АҚШ ва Туркия давлатларининг болалар учун аталган журналларида босилиб чиқди.
– Пойтахтимизда бўлиб ўтган байрам тантаналаридан сўнг ҳали ҳам мени ҳаяжон тарк этгани йўқ, – дейди Эъзоза. – Бизга ишонч билдирилди. Мен бу ишончни оқлаш учун ўзбек болалар адабиётини нафақат юртимизда, балки бутун дунёга танитиш йўлида астойдил меҳнат қиламан. Келгусида ўзбек болалар адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқиб, Зулфияхонимга муносиб ворис бўламан.
Шуҳрат Суяров, ЎзА