Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгуликнинг эрта-кечи йўқ...
09:54 / 2023-12-05

5 декабрь – Халқаро кўнгиллилар куни

Халқимизда “Чин кўнгилдан яхшилик қилиш” деган тушунчалар борки, ўзаро меҳр-оқибатга ундовчи амалларга нисбатан мана шу жумлалар қўлланилади.

Бундай инсонларни ҳар турли фаолият устида учратиш мумкин. Маҳаллаларда бирлашиб муҳтожларга кўмаклашиш, ўзаро ҳашар йўли билан уйларни кўтариш, оғир вазиятларга тушган инсонларга жамоа бўлиб ёрдам бериш кабилар юртимизда азалдан кўнгиллилар кўмаги йўлга қўйилганини англатади.

Кўнгиллилар бугунги кунда “волонтёрлар” тушунчаси билан янада кенг қамровга эга бўлиб, ўзларининг бўш вақтларини жамият учун беминнат кўмак беришга сарфловчи инсонлар жамоаси сифатида шакллантирилди.

“Волонтёр” сўзи французча “volontaire” сўзидан олинган бўлиб, “ихтиёрий”, “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи”, деган маъноларни англатади.

Кўнгилли (волонтёр) – сўзининг юридик таърифи эса моддий мукофот кутмаган ҳолда фаолиятнинг турли соҳаларида чин кўнгилдан, беғараз ҳолда ўз ёрдами ва хизматини расмий тарзда таклиф этувчи кишидир.

Беғараз фаолиятнинг қамрови ҳам кенг ва турличадир. Чин кўнглидан кўмак бериб, эвазига ҳеч қандай манфаат, фойда кутмасдан ёрдам қўлини чўзувчи инсонларга эса жамиятда ҳар доим эҳтиёж сезилади.

1985 йил БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида дунё давлатларига 5-декабрни – “International Volunteer Day for Economic and Social Development“ – Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлидаги Халқаро кўнгиллилар куни ёки қисқача, ”International Volunteer Day“ – Халқаро кўнгиллилар куни сифатида нишонлашни таклиф қилган.

Шу тариқа БМТ кўнгиллилар дастури ҳар йили дунё бўйлаб минглаб кўнгилли инсонларни ҳаракатга келтириб келмоқда. 6500 кўнгилли ушбу Дастур бўйича дунёнинг энг оғир, қийин нуқталарида фаолият олиб борса, 12 000 кўнгилли масофавий тарзда 20 000 дан кўпроқ турли UNV Online тизимидаги ишларни бажаради.

Масалан, бундай кўнгилли ва оддий инсонлар катта-катта жамоат жойларини тозалаш ишларига ўзлари талабгор бўлиб ишлашса, баъзилари ижтимоий ёки хайрия компаниялари учун брошюра ва плакатлар тарқатишади, йирик спорт мусобақа ва олимпиадаларида кўнгилли таржимон ва гидлар сифатида ёлланади. Кўнгиллилар асосан ёшлар, талаба ва ўқувчилардан иборат бўлади.

Мамлакатимизда ҳам бундай фаолиятга қонуний асосда имкониятлар берилган. Хусусан, 2019 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Унда волонтёр ва волонтёрлик ташкилотининг мақоми мустаҳкамланди, кўнгиллилик фаолиятининг йўналишлари белгилаб берилди.

2020 йил 4 декабрда эса Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ташкил этилиб, волонтёрлар форуми ўтказилди.

Волонтёрлик йўналишлари…

Волонтёрлик фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

- кам таъминланганлар, ишсизлар, кўп болалилар, бошпанасизлар, қаровсиз қолганлар, шунингдек ижтимоий реабилитацияга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида волонтёрлик ёрдами кўрсатиш;

- беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғизлар, қариялар ҳамда ўзининг жисмоний, моддий ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли қўллаб-қувватлашга ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни парваришлашни амалга ошириш;

- табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият оқибатида, алоҳида режим, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, ижтимоий можаролар, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларга, шунингдек жиноятлардан жабрланганларга, қочқинларга, мамлакат ичкарисида кўчиб юрганларга ёрдам кўрсатиш;

- ўзининг жисмоний ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириши чекланган шахсларга ёрдам кўрсатиш;

- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий мерос, тарихий-маданий муҳит, тарихий ва маданий ёдгорликлар, дафн этиш жойларини сақлаб қолиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш;

- оммавий спорт, маданий тадбирларни ва бошқа жамоат тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ миллий ҳамда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш;

- алоҳида давр ва фавқулодда ҳолат ҳуқуқий режимларининг амал қилиши вақтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, бошқа ҳарбий идораларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик ёрдами кўрсатиш.

Бугунги кунда волонтёрлар меҳрибонлик уйлари, қариялар мурувват уйига ёрдам кўрсатиш, уларга турли байрамлар уюштириш парваришлаш ишларида ҳам фаол иштирок этишади. Ер юзида содир бўлаётган турли табиий офатлар, зилзила, сел келиши ва бошқа нохушликлар оқибатларини бартараф этиш ишларида ҳам минглаб кўнгилли инсонлар кўмаги асқатмоқда.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА