French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгуликка, маънавий баркамолликка етакловчи восита
09:41 / 2022-06-30

Халқимиз азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Чунки китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Қолаверса, китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан биридир.

Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

– Ёшлар, оилалар ўртасида китобга қизиқиш тобора кучайиб бормоқда, – дейди Навоий вилояти Учқудуқ тумани Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Жанагул Булекбаева. – Буни аҳоли ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Яқинда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими билан ҳамкорликда ёш оилалар иштирокида “Китобхон оила” танловини ўтказдик. 

Танлов ўзбек адабиёти намоёндаларидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” ва “Икки эшик ораси” асарлари асосида савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди. Танловнинг якуний натижаларига кўра 1-ўринни Остоновлар оиласи, 2-ўринни Муҳаммадиевлар оиласи ва 3- ўринни Мардоновлар оиласи эгаллади.

Ёшларнинг интеллектуал ва маънавий ривожланишини таъминлаш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида Конимех туманида ўтказилган “Китобхон оила” танловида 5 оила иштирок этди. Туман Ахборот-кутубхона марказида Маънавият ва маърифат бўлинмаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танловда оилалар “Бадиий асарлар билимдони” ва “Тезкор савол-жавоб” шартларида ўзаро беллашди.

Ҳайъат аъзоларининг якуний хулосасига кўра, 1-ўринни. Г.Умирзоқов, 2-ўринни О.Ботиров ва 3-ўринни А.Саттаровлар оиласи эгаллади.

– Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ибратли гап бор, – дейди танлов ғолиби Г.Умирзоқов. – Чунки оиладаги муҳит, ота-онанинг ўзаро муносабатлари фарзанд тарбиясида муҳим ўрин тутади. Агарда ота-она эзгу амаллар қилиб турса, бир-бирига меҳр кўрсатса, ҳеч бўлмаганида вақтининг бир қисмини китоб ўқиш ва фарзандлари билан суҳбатлашиш учун ажратса айни муддао бўлади. Фарзандлар ҳам улғайгани сари ота-онаси каби меҳрибон, китобга ошно бўлиб вояга етади.

“Китобхон оила” танлови олис Томди туманида ҳам ўтказилди. 30 та оила орасидан сараланган 3 оила вакиллари “Бадиий китоблар билимдони”, “Шеърият оламида” ва “Эркин шарт” мавзуларида беллашди.

– Аҳоли, хусусан ёшларда китобга бўлган эътибор бир муддат сусайган эди, – дейди туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Марат Саматов. – Ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида бугунги кунда юртимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қайси давлатда кўргансиз кўп китоб ўқиган ёшларга автомобил совға қилинганини?! Бу юртимизда анъанага айланди. Ҳар йили китобхонлик бўйича ўтказилган танловнинг якуний босқичида Президент совғаси сифатида “Spark” автомашинаси берилмоқда. Бу ҳам бир томондан ёшлар орасида китоб ўқишга бўлган қизиқишни йил сайин оширмоқда. Китоб ўқиган киши билан ўқимаган кишининг фикрлаш, мулоҳаза юритиш борасидаги қарашларида осмон билан ерча фарқ борлигини англаш қийин эмас.

Халқимизнинг севимли фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов китоб ҳақида шундай деган эди: “...етти мўъжиза инсон ақлининг, тафаккурининг, қалбининг оташин мадҳияси, инсон даҳосининг улуғлигига қўйилган мангу обида бўлиб келмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, оламда яна бир мўъжиза борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди. Бу мўъжиза – китоб. Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза эканлигини кўпгина буюклар қайд қилган”.

Дарҳақиқат, китоб инсонни эзгуликка, маънавий баркамолликка етакловчи асосий кучдир. Китоб ўқиган киши эса ҳеч қачон ёмонлик йўлидан юрмайди, фақат яхшиликлар соғиниб яшайди.

Абдували Бўриев, ЎзА