Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгуликка бахшида умр
18:30 / 2023-11-02

Юртимизда Ватан равнақи, халқ фаровонлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшган нуронийлар доимо эътиборда.

Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов нафақат вилоятда, республикада ҳам ўз мавқега эга инсонлардан бири. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Эл юрт ҳурмати” ордени соҳиби Икромхон Нажмиддиновнинг иш фаолияти ва ҳаёт йўли ҳақида “Эзгуликка бахшида умр” номли китоб битилди.  

Китоб муаллифи Наманган муҳандислик-технология институти доценти Раҳмонжон Эгамбердиев. Шу муносабат билан вилоят “Нуроний” жамғармаси дам олиш масканида вилоятнинг фаол фахрийлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бир қатор ташкилот вакиллари иштирокида тадбир ташкил этилди. Унда сўз олганлар кейинги йилларда Наманган вилоятининг ривожида Икромхон Нажмиддиновнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлашди.  

У қайси ишда бўлмасин, ўз касбини қадрлади. У барчага бир хилда самимий муомала қилди. Айнан шу сабабли ҳам эл орасида эҳтиром, обрўга сазовор бўлди. Китобда Икромхон Нажмиддиновнинг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, у киши тўғрисида замондошлари фикри-мулоҳазалари, оилаларининг шажаралари мисоллар билан берилган. Китобнинг яна бир тарбиявий аҳамияти шундаки, ҳар бир инсон ўз олдига мақсад қўйиб, интилиб яшаса, албатта, мақсадга эришиши ҳаётий мисоллар билан ифодаланган.  

– Энг аввало, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, сабр- қаноат, инсонлар қадрига етиш, илмга интилаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, оилапарварлик кишини камолотга етказишини бошимдан ўтказдим, – дейди Икромхон Нажмиддинов. – Ҳаёт йўлларида, ишимизда қийинчиликлар бўлди ва уларни ечимини қидирдим. Қувончли лаҳзаларни эса дўст ва яқинларим билан баҳам кўрдим. Иложи борича, қўл остимдагиларга адолатли бўлишга ҳаракат қилдим, шунинг натижасида меҳнат жамоасини шакллантиришга эришдим.  

Дарвоқе, ҳар бир одам ёши кексайганда ортда қолган умр йўлларига қараб, уларни таҳлил қилиб, жамият олдида уяладиган ишларга қўл урмаган бўлса, унинг ҳаёти мазмунли ўтган бўлади.  

Тадбир якунида иштирокчиларга “Эзгуликка бахшида умр” китоби тақдим этилди.  

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА мухбири