Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгулик ва бахтга ошён Ватан
14:51 / 2021-09-07

Муносабат

Она Ватанимиз истиқлолининг шонли 30 йиллигини катта тантана билан нишонладик. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу даъват, улуғ мақсадга йўғрилганшодиёналар барчамизнинг қалбимизга ғурур-ифтихор бағишламоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни байрам тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ватанимиз мустақиллиги — биз учун куч-қудрат ва илҳом манбаи, тараққиёт ва фаровонлик асоси” мавзусидаги нутқи юртимиздаги янгиланиш ва юксалишларга мухтасар баҳо бўлиб янгради.

Бинобарин, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларидаги ўзгаришлар халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва тинчлик-тотувликда намоён бўлаётган бўлса, илмий-маданий, диний-маърифий, таълим-тарбия соҳалардаги туб ислоҳотлар самараси фарзандларимизнинг илм-фан, касб-ҳунар, спорт ва маданият жабҳаларидаги муваффақиятида ўз исботини топаётгани ҳақиқат. 

Албатта, мустақил давлатимиз босиб ўтган ўзига хос мураккаб ва синовларга бой давркўҳна тарих чархпалагида кўз очиб юмгунчалик фурсатга тенгланиши мумкин. Аммо, истиқлолга эришиш, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш йўлида бедор орттирилган ҳар бир сония, ой ва йиллар, агар таъбир жоиз бўлса, она Ватанимизда яшаётган миллионлаб инсонлар тақдиридаги эврилиш, ҳаётидаги юксалиш, фаровонлик ҳамда ёш авлод келажагининг ёруғ истиқболида асрларга татигулик бўлиши муқаррар. 

Шу ўринда Юртбошимизнинг “Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман.

Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди. Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради”, деган фикрларида жуда катта юк, донишмандлик ҳикмати мужассам, десак муболаға бўлмайди. 

Дарҳақиқат, инсон илм-маърифат, маънавият орқалигина оламни англайди, ўзлигини танийди. Нафақат ўз тақдири балки, жамият эртасига ўзини дахлдор билиб яшаш эса, инсонни дунё тамаддунига ҳисса бўлиб қўшилажак илғор ташаббус ва ғояларга ундаса, не тонг. Бунга“Илм Чин (Хитой)да бўлса ҳам излаб, топиб эгаллангиз”, деган муборак ҳадиси шарифга бутун ҳаёти давомида риоя қилиб, илм-фаннинг барча соҳаларида довруғ қозонган мутафаккир боболаримизнинг “Шарқ уйғониш даври”га тамал тошини қўйганлари ёрқин далил.Бугунги кунда ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби не-не буюк мутафаккир боболаримиз яратган бой илмий-маънавий мерос жаҳон цивилизациялари бебаҳо хазинасисифатида ҳамон тадқиқ этиб келинаётгани эса қалбимизда фахр, зиммамизга масъулият юклайди. Чунки улуғ аждодлари номи ва шарафига муносиб бўлмоқ ёш авлоднинг азалий бурчидир.

...Мана, шу кунларда юртимизнинг барча таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. “Билимлар куни” шодиёналарида “Биринчи қўнғироқ” садолари янграб, ёшларимиз илм-маърифат, маънавият, эзгулик, бунёдкорлик, меҳр-оқибат каби ёруғ туйғуларга йўғрилган дарсларга киришди. 

Эътиборлиси, янги ўқув мавсумида республикамиз олис-яқин шаҳар ва қишлоқларида бутунлай янгидан бунёд этилган замонавий таълим муассасалари илм-маърифатга ташна неча-неча ёшларга ёруғ ва шинам дарсхоналари эшигини очди. Бунда айниқса, мактаб остонасини ҳаяжон билан илк бор ҳатлаган қарийб 600 минг нафар1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” — барча дарслик ва ўқув қуролларини жамлаган мактаб сумкалари топширилгани аҳамиятлидир. Зеро, бугун оламга ҳайрат ила боқаётган болажонларга ҳадя этилган китоб-дафтарлар қатида илм ва маърифатга рағбат – ЭЗГУЛИК ва БАХТ тилаклари мужассам экани ҳақиқат!

Узлуксиз таълим тизимининг ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ҳамда илмий тадқиқот бўғинларидаги ислоҳотлар кўлами ва самарадорлиги ҳам алоҳида эътиборга молик. Президентимиз нутқларида таъкидланганидек, ўтган ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш тизимли ташкил этилмоқда. Айниқса, замон талаби асосида олий таълим соҳасида жадал ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътирофга лойиқ. Бунда юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, улар сони қисқа давр ичида 141 тага етказилди. Бу билан илм-фанга қизиқувчи ёшларни талабаликка қабул қилиш квотаси 3 баробарга оширилгани ортида уларнинг илм-фан, маърифат, маънавият чўққиларини эгаллашларига кенгроқ имкониятлар яратилгани яқин йилларда ўз самарасини беражагига ишонамиз. Яъни, президентимиз ўз нутқларида алоҳида таъкидлаганларидек, “Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан – шунга эътибор беринг – 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда”.

Бу ўринда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, авваламбор, ёшлар алоҳида қўллаб-қувватланаётгани юртимизда барча бирдек меҳр-эътибор оғушида эканини англатади. Буни қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин: “...жорий йилда ногиронлиги бўлган ёшлар учун – 3 минг 155 та, “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун – 1 минг 580 та, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар учун – 2 мингта қўшимча қабул квоталари давлат гранти сифатида ажратилди”.

Асрлар қарида халқимиз қалби, онгу шуурининг туб-тубидан бўлиб келган “Учинчи ренессанс” — Миллий уйғонишдаврига тамал тошини қўйишдек улуғвор ғоя бежиз бугун тилимизга кўчгани йўқ. Ушбу азалий орзу-мақсаднинг рўёби учун янги Ўзбекистон тараққиётининг янада шиддатли ва илғор даврида муҳим қадамлар қўйилмоқда. 

Бугун дунёнинг олис-яқин ҳудудларида бўлаётган турли можоралар, айрим ғаразли кучларнинг фақат ўз манфаати ортидан не-не эллар беаёв уруш домига тортилган даврда юртимиздаги тинчлик, фаровонлик, бунёдкорлик ва фарзандларимиз иқболига беихтиёр шукрона айтасан киши. Бинобарин, дунёнинг баъзи нуқталарида содир бўлаётган “янгиликлар”дан бохабар бўларкансиз, ўша юрт болаларининг хотиржам ўз оиласи хонадони, мактаб, олий ўқув юртининг илм-маърифат, зиёга йўғрилган ёруғ дарсхоналарини орзу қилиши тугул, ҳатто биргина эртак китоб мутоала қилиб, унинг мўжизавий оламида сониялар ичра“саёҳат” қилишига ҳам фурсат тополмаётгани онгу шуурингиз, қалбингизни жароҳатлайди.Афсусланарлиси, ана шу уруш ўчоқларини аланга олдиришда айрим ғарзли кучларнинг диндан қурол сифатида фойдаланаётгани соғлом тафаккурли ҳар бир кишини сергак тортиради.

Маълумки, Қуръони Карим оятларининг илк сўзи “Иқро” (ўқи)  буйруғи билан нозил бўлган. Шунинг ўзи муқаддас динимизда ҳам илмга қанчалик эътибор қаратилганига далолат. Агар ҳисобланса, “Илм” сўзи Қуръони карим оятларининг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келтирилган экан. Чунки динимиз илм-маърифат дини бўлиб, унда жаҳолат ва илмсизлик ҳамиша қораланган. 

Дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт-саодати, албатта, илм ва маърифат билан чамбарчас боғлиқ.Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, деганлар.

Маълумки, 2021 йил юртимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, дея номланди. Мазкур рамзий маънодаги йил номига мос равишда мамлакатимизда қабул қилинган Давлат дастурининг мазмун-моҳиятига чуқур аҳамият қаратилса, ҳар қандай иқтисодий ривожланиш асосида, энг аввало, ИЛМ-МАЪРИФАТ устувор бўлишига эътибор қаратилгани намоён бўлади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “...таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради”. 

Шу нуқтаи назардан, ёш авлод камолоти, мамлакат тараққиётида таълим-тарбия, илм-маърифат соҳаси вакиллари ота-оналар, устоз-муаллимлар меҳнати, уларнинг фидойилиги катта аҳамият касб этади.   

Фарзандларимизнинг келажакда баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, уларнинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”,дейди донишманд халқимиз.Шу боис ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун юртимизда бор куч ва имкониятлар ишга солинмоқда.Бунга муносиб бўлиш, имкониятдан самарали фойдаланиш эса шу юртни она Ватан билган ҳар бир ўғил-қиз, ёшу-қари, умуман, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. 

 

Музаффар КОМИЛОВ, 

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори