Халқимиз ишониб яшашга, келажакка умид билан боқишга одатланган. Маънавий-мафкуравий муносабатлар ана шу умид ва ишончни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Зеро, жамиятнинг маънавий соҳасидаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни унинг бошқа соҳаларига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Шу маънода тарихнинг бурилиш даврларида ҳар қандай янгиликларни халқ онгига, унинг эртанги кунига бўлган ишончи, эътиқодига дахл қилмайдиган тарзда сингдириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам кучли фуқаролик жамияти ва дунёвий демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар тақдири кўп ҳолларда маънавият омилига боғлиқ бўлади.
Президентимиз раислигида жорий йил 19 январда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамият ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масаласи бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш, жамият ҳаётида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги хамкорликни кучайтириш борасидаги ишлар ҳар тарафлама таҳлил қилинганида чуқур маъно мужассам.
Давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида илгари сурилган таклиф ва ғояларни пухта ўрганиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар тузиб олдик. Юксак маънавиятли, чуқур билимга эга, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топадиган авлодни тарбиялашни яна бир карра ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Бу жараёнда Президентимизнинг “Агар жамият танаси иқтисод бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга киришар эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, деган пурмаъно фикрлари биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Дунёда глобаллашув кечаётган ва мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлида янги демократик фуқаролик жамияти барпо этаётган бугунги давр ўз хусусиятлари билан бир томонда жадал суръатлар асосида ривожланишни намоён этаётган бўлса, иккинчи томондан ҳар бир давлат учун ички ҳамда ташқи таҳдидлар юзага келаётгани билан характерланаётир. Сайёрамиздаги бундай вазиятда давлатимиз раҳбари томонидан жаҳон майдонидаги сиёсий жараёнлар ва мамлакатимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит таҳлил қилиниб, қатор муҳим устувор вазифалар белгилаб берилгани айни муддао бўлди. Жумладан, яратилаётган Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик ва гуманизм ғояси бўлиши, “маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш, маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтариш, республика маънавият-маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши, марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини кескин кучайтириш, унинг фаолиятини илмий-тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил этишга эътибор янада кучайтирилди.
“Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчиларни ва таниқли зиёлиларни бириктириш, миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш, унинг тарбиявий таъсирини кучайтириш, ёшларни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатиш, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантириш каби таклифлар олға сурилди. Демак, бугунги давр тарғиботи шахс билан жамият, жамият билан давлат, ўтмиш билан бугун, бугун билан келажак, демократия билан миллий давлатчилик, миллийлик билан умуминсонийлик, ахлоқ билан ҳуқуқ, иқтисод билан сиёсат, маърифат билан маънавият масалаларини ўзига хос ҳамда умумий жиҳатларини кенг халқ оммасига тушунтириш, улар орасидаги уйғунликни таҳлил этишга қаратилган, янги жамиятнинг янги мезонларини ўз вақтида аниқ, тўғри илғаб олишга йўналтирилган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тинчлик, осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳозирги глобаллашув жараёнлари кескинлашаётган бир даврда ички ва ташқи таҳдидларга қарши курашиш, жамият аъзоларида турли вайронкор ғояларга нисбатан аёвсиз кескин муносабатни шакллантириш ҳамда барқарорлаштириш биз зиёлиларнинг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади. Шу орқали аҳолиси ўртасида ижтимоий-сиёсий мувозанатни сақлаш, ёш авлодни нафақат жисмонан соғлом, балки, маънан баркамол этиб тарбиялаш, миллий ғурур, миллий ифтихор, дахлдорлик туйғусини янада кучайтириш лозим. Бундай эзгу мақсадда Президентимизнинг “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” ғояси муҳим ўрин тутади. Бу маънавий тарбияни ўзини-ўзи бошқариш органларидан бошлаш, маҳалла аъзоларини жаҳон майдонидаги сиёсий воқеликдан хабардор қилиб бориш, халқимизга хос миллий урф-одатлар, қадриятларни сингдириш асосида аждодлар меросини ўзлаштириш ҳамда миллий ғоя ва маънавият соҳасидаги билимларни ўрганишга берилаётган эътибордир.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш лозимки, миллий ғояни сингдиришда миллий тарихни ўрганиш, унинг тарбиявий таъсирини орттириш, мамлакатимизда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилгани қувонарли бўлди. Бу шуни англатадики, миллий ғояни мустаҳкамлашда, маънавий дунёқарашимизни бойитиш ва ташқи салбий таъсирларга қарши иммунитетни шакллантиришда бошқа фанлар сингари тарихнинг ўрни жуда муҳимдир.
Хуллас, бизнинг асримизга келиб масофа билмас, ҳудуд билмас воқеликка айланган терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, сепаратизм каби ташқи таҳдидлар, зўравонлик, ахлоқий бузуқлик, оммавий маданият, эгоцентризм, космополитизм, коррупция, жиноятчилик, миллатчилик, лоқайдлик сингари ички мафкуравий-ғоявий таҳдидлар сиёсий, маънавий тарғибот-ташвиқот ишларини кенг жамоатчилик орасида янада кучайтириш, унинг кўламини, илмийлигини, ҳаётийлигини оширишни тақозо этмоқда. Шу маънода мазкур видеоселектор йиғилиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришнинг энг самарали йўлларини белгилаб бергани аҳамиятли бўлди.
Рустам НОРЛИЕВ,
Термиз давлат университети
фуқаролик жамияти кафедраси мудири,
фалсафа фанлари номзоди
Шоира ДАВЛАТОВА,
Термиз давлат университети
фуқаролик жамияти кафедраси
катта ўқитувчиси