Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгулик, меҳр-мурувват, шукроналик айёми
15:46 / 2024-06-16

Халқимизда азалдан эзгулик, меҳр-оқибат юксак қадрланган. Ер юзидаги барча мусулмон давлатлари каби мамлакатимизда кенг нишонланаётган Қурбон ҳайити кунлари бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори табаррук айёмни юқори савияда ўтказиш, халқимиз ҳақида ғамхўрлик ва эътиборни тобора кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этди. Айни пайтда Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги мазкур мўътабар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.  

Дарҳақиқат, мамлакатимизда бу қутлуғ байрамга катта тайёргарлик кўрилди. Маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, мавзелар, қишлоқ ва овуллар, микрорайонлар ободонлаштирилиб, янада кўркам ҳолатга келтирилди. Эҳтиёжманд одамлар, кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар, турли жабҳаларда узоқ йиллар ҳалол ва самарали меҳнат қилган ҳамюртларимиз ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар ҳажми тобора кенгайди.  

Бугун эрта тонгданоқ, мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларидаги масжидларда Қурбон ҳайити намозлари ўқилди. Барча фуқаролар юрт тинчлиги, фаровонлиги, хавфсизлиги ва осойишталиги, хонадонлар файзу баракаси, фарзандлар камоли, нуронийларнинг тани сиҳатлигини Яратгандан сўраб, дуога қўл очди.  

Дарҳақиқат, кейинги йилларда дунёга кучли ижтимоийлашган давлат сифатида танилаётган Ўзбекистонимизда аҳолининг барча тоифалари манфаатларини ҳимоялаш, уларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларга оқилона ечим топиш бўйича тегишли тизим ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш, маънавий-маърифий соҳаларда юрт манфаатларини ифодалайдиган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Бу борадаги эзгу ишларда маҳаллалар иштирокини кучайтириш, фаоллигини ошириш, оилалар ҳолатини маҳаллалар кесимида чуқур ўрганиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.  

Айни пайтда буюк аждодларимизниннг бой меросини ўрганиш, асарларини чоп этиш, мазмунини тарғиб қилиш, алломаларнинг ҳаёти, ибратли фаолияти билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни янада обод гўшаларга айлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳаж ва Умра сафарига шайланиб, бу эзгу орзусини амалга оширишга муваффақ бўлган юртдошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Шундай мунаввар кунларда юртдошларимиз меҳр ва эътибор, оддий инсоний ғамхўрлик, яхшилик ҳар қандай совға-саломдан афзал эканини яна бир бор дилдан ҳис қилмоқда.  

Ҳа, Қурбон ҳайити чиндан ҳам шукроналик, эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват айёми сифатида кенг нишонланмоқда.  

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири