Бухоро шаҳридаги “Наврўз” кўчасида яшовчи Ҳамида Ҳомидова ҳамда Ҳикматилло Асатуллаевлар оиласи Меҳрибонлик уйининг 5 нафар тарбияланувчиларини ўз бағрига олди.
Тадбирда вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлиги масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Меҳрибонлик уйи раҳбарияти, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
–Ўғлим, катта лейтенант Муроджон Раҳматуллоев Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси раҳбариятининг фармойишига асосан шаҳримиздаги Меҳрибонлик уйига масъул этиб белгиланди, – дейди, болакайларнинг бўлғуси онаси Ҳамида Ҳомидова. – Шу кундан бошлаб, ўғлимга ушбу маскандаги қалби ўксик болажонларни асраб олиш бўйича савобли ишга қўл уришни таклиф қилдим. Ўзим мактабгача таълим ташкилотида 20 йилдан буён тарбиячи бўлиб ишлаб келаман. Болалар билан доимий равишда биргаман. Шу маънода, биз ҳам ушбу даргоҳдаги 5 нафар, 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган Сабрина, Севара, Рухсора, Шаҳруза, Муҳаммадали исмли болакайларни ўз тарбиямизга олдик. Бугун уйимизда қувончли кун. Оилам яна 5 нафар фарзандга кўпайди. Ишонтириб айтаманки, болажонларни ўз фарзандларимдай кўриб, келгусида уларнинг тарбиясида масъулиятли бўламан. Жамиятимиз ва давлатимиз учун нафи тегадиган етук инсонлар этиб вояга етказаман.



Зариф Комилов, ЎзА