Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгу ишлар рўёби миллат генофондини соғломлаштиради
10:34 / 2022-06-30

Давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда жорий йил апрель ойида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда мамлакатимизда 5 та ёш тоифасида 9 та спорт тури бўйича ёшлар ўртасида «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақалари ўтказиш белгиланганди.

Мазкур ташаббуслар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли дастурларга асосан жорий йилдан анъанавий тарзда 30 июнь – Ёшлар куни ҳамда декабрь ойидаги «Ёшлар форуми» доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақалари жорий этилди. 

Айтиш лозимки, жойларда спорт ва ёшлар тизимида фаолият кўрсатаётган ташкилотларнинг саъй-ҳаракати билан жорий этилган «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг биринчи фасли якунланди. 

Қисқа фурсатда ташкил этилган беш босқичли мусобақалар айрим ҳудудлардаги камчиликлар билан бўлсада, умумий ҳолатда уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бунда ҳудудлардаги спорт таълим муассасаларининг фаоллигини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Спортни ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, кўча босқичидан старт берилган оммавий спорт тадбирларида республикамизнинг 3 100 000 нафардан зиёд 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўз имкониятларини синовдан ўтказди. 

Мусобақаларнинг республика босқичларида эса А, Б, C лигалар бўйича 5,5 минг нафарга яқин иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. 

Жорий йил 15 июндан республика босқичи мусобақаларига старт берилиб, мусобақалар деярли барча ҳудудларда байрамона уюштирилди. 

[gallery-7793]

Муросасиз баҳслар натижасида юртимизда илк бор «катта йўлга» чиққан «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг республика босқичида 114 нафар ёш спортчи ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Айнан улар келажакда мазкур спорт ҳаракатининг илк қалдирғочлари, деган номга мушарраф бўлди. 

Кеча Миллий олимпия қўмитасида ушбу навқирон авлод вакилларининг бир гуруҳи Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан тақдирланди. 

Тақдирлаш маросимида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, вазир ўринбосари Абдулла Аслонов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этиб, «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг дастлабки қаҳрамонларига эсдалик совғаларни тақдим этди. Уларнинг келгуси спорт фаолиятида омад тилади. 

Йиғилишда айтилганидек, мусобақалар жараёнида ғолиб ва совриндор бўлган ёшларнинг маҳаллаларига спорт майдончалари қуриб берилиши тегишли дастурларда белгиланган бўлиб, уларнинг муваффақияти маҳалласига ҳам қувонч олиб келади. 

Ўз навбатида, тақдирланган иштирокчи ёшлар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятдан мамнун эканлигини, спорт натижаларини янада юксалтириб боришларида «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг аҳамияти беқиёс бўлишини эътироф этди. 

Яна бир эътиборли жиҳат: «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорга биноан 2023 йил 1 мартдан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақалари тизими жорий қилинади. Белгиланганидек, биринчи босқичда – туман (шаҳар), иккинчи босқичда – вилоят, учинчи босқичда – республика (финал) мусобақалари ташкил этилиши назарда тутилган. 

Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг сонини ошириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг тегишли бандларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, унда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган аҳоли сонини 2026 йилда 33 фоизга етказиш, ёшлар ўртасида миллий спорт турларини оммалаштириш, миллий олимпия ўйинларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсад қилинган. 

Мазкур эзгу ишларнинг сўзда эмас, амалда рўёбга чиқиши, энг аввало юртимиз аҳолисининг соғломлик даражасини оширади, жаҳон ва олимпия ўйинларида қатнашишга даъвогар ёшлар сафини кенгайтиради. Муҳими, бу, саъй-ҳаракатлар миллат генофондини соғломлаштиришга хизмат қилади. 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА