Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгу ишлар ҳайитда ҳам давом этади
14:02 / 2024-04-09

Меҳр-оқибат, хайр-саховат, маънавий покланиш ойи бўлган муборак Рамазон ойи якунланмоқда. Эртага бутун дунё мўмин-мусулмонлари қатори халқимиз ҳам Рамазон ҳайитини кенг нишонлайди.

Бу ҳақда кеча давлатимиз раҳбарининг қарори ҳам қабул қилинди. Қарорда мутасадди идоралар ва маҳаллий ҳокимликларга Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш, байрам муносабати билан дам олиш кунларида аҳолининг муқаддас зиёратгоҳ ва тарихий қадамжоларга саёҳат қилишларига имконият яратиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, юртдошларимизнинг ҳайит намозини адо этишлари учун қулай шарт-шароит яратиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 284 та масжидда эртага ҳайит намози ўқилиши режалаштирилмоқда.

– Бир ой давомида вилоятимиздаги 280 дан ортиқ жоме масжидларимизда таровеҳ намозлари ўқилиб, халқимиз Рамазоннинг шукуҳидан баҳраманд бўлди, – дейди Самарқанд вилояти бош имом- хатиби Зайниддин Эшонқулов. – 177 масжидда эса хатми Қуръон ўқилди. Намозхонлар Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни ихлос билан эшитдилар. 5 апрель куни ушбу масжидларимизда хатми Қуръон якунланиб, таровеҳ намози охирида имом-хатибларимиз юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги абадий бўлишини сўраб, дуолар қилдилар. Ҳайит намози ўқилиши учун ҳам масжидларимизда бир неча кун олдин тайёргарлик бошланди. Кеча Ўзбекистон Мусулмонлари идораси жорий йилда Рамазон ҳайити 10 апрелга тўғри келишини маълум қилди ва шу асосида Президентимизнинг қарори қабул қилинди. Айни пайтда ҳайит намози ўқиладиган масжидларда намозхонлар учун янада қулай шароитлар яратилмоқда. Тегишли идоралар ходимлари томонидан хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.Республика ҳукумати томонидан Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш юзасидан йиғилиш ўтказилиб, мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мўмин-мусулмонларга қулайлик яратиш мақсадида эртага соат 4.00 дан 10.00 га қадар шаҳарларда жамоат транспорти йўловчиларга бепул хизмат кўрсатиши белгиланди.

Раҳмат ва мағфират нурлари ёғиладиган Рамазон ойида юртимиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилгани минглаб кўнгилларни шод қилди. Бу эзгу ишларни эртага ҳайит куни ҳам давом эттирсак, беморлар ва кексалар, боқувчисини йўқотганлар, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олсак, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатсак, байрамнинг шукуҳи яна ҳам ошади, иншооллоҳ.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири