Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгу фазилатлар инсон қалбига она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади
15:10 / 2024-10-21

Тил – миллат кўзгуси, унинг ўзлигини, маънавий қиёфасини кўрсатувчи бебаҳо бойликдир. Она тилини муқаддас билиш ўзини, қадр-қимматини, ғурурини англаш, тарихини, миллий қадриятларини ҳурмат қилиш демакдир.

Дунёда кўплаб давлатлар мустақил бўлса-да, афсуски, ўзининг расмий тилига эга эмас. “SIL INTERNASIONAL” халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 7 мингдан ортиқ тил ва лаҳжа мавжуд. Уларнинг атиги 560 таси давлат ва ўқув-тарбия соҳаларида фаол қўлланилади, 43 фоизи хавф остида.   

1989 йил 21 октябрь куни юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбек тили – она тилимиз давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Асосий қонунимиз – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши эса она тилимизнинг нуфузини янада юксалтирди.   

Давлатимиз мадҳияси халқаро майдонларда ўзбек тилида янграй бошлади. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.   

Ўзбекистон Президенти 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, “2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. 2020 йил 20 октябрда эса Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни, деб белгиланди.   

Бугун давлат тилининг қўлланиш доираси кенгайиб, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатлар чоп этилаётир. Мамлакатимиз расмий идораларида иш асосан давлат тилида юритилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинмоқда.   

Шунингдек, барча соҳалар каби спорт соҳасида ҳам ўзбек тили кенг татбиқ этилмоқда. Айниқса, ўзбек миллий курашининг жаҳон бўйлаб оммалашуви самарасида халқаро майдонларда "кураш", "таъзим", "ҳалол", "чала", "ёнбош" каби ўзбекча атамаларнинг баралла янграётгани қалбимизда чексиз фахр-ифтихор уйғотади.   

Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII Олимпия ўйинлари ва XVII Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик мухлислар “Темурийлар келди”, “Бобурийлар  келди” дея спортчиларимизни баралла қўллаб-қувватлади. Спорт майдонлари узра янграган соф ўзбек тилидаги ҳайқириқларга турли давлатлардан келган спорт ихлосмандлари ҳам жўр бўлди. Бу эса ўзбек тили нуфузини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.   

–Нуфузли мусобақалардаги ғалабаларимиз шарафига она тилимиздаги мадҳиямиз янграганда тарифлаб бўлмас ҳиссиётларга кўмилиб кетаман, – дейди икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов. – Спорт туфайли дунёнинг кўплаб мамлакатларига борганман ва у ерда бошқа мамлакат спортчилари билан мулоқотда бўлганимизда кўплаб спортчиларнинг давлат тиллари йўқлиги ҳақида эшитганмиз. Гарчи мусобақаларда инглиз, француз ва испан тилларида мулоқотларга киришишга тўғри келса-да, биз ўз тилимизни доимо устун қўйганмиз. Ахир мен ўзбек оилада, онамнинг соф ўзбек тилидаги алласини эшитиб улғайганман.   

Ҳа, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бу бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, нуфузини янада ошириш, келажак авлодга уни бутун жозибаси ва гўзаллиги билан етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.   

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА