Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эзгу амаллар ортидан яхши кунлар келади
13:21 / 2020-04-13

Хуллас, ҳеч ким эътибордан четда қолаётгани йўқ.


Тошкент вилоятида коронавирус пандемияси туфайли карантин пайтида кам таъминланган, турмуш шароити оғир оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳар бир шаҳар ва тумандаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилганлиги, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини қамраб олиш имконини бермоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мурожаатлар асосида барча кам таъминланган оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, марказларда куну тун фаолият кўрсатаётган “Call-марказ”лардаги 1197 телефон рақамлари орқали ҳам эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатилаётир.

Умуман, жорий йилнинг 13 апрелигача бўлган маълумотларга кўра, рўйхатга олинган жами мурожаатлар сони 17 870 тани ташил қилган. Шундан, ёрдам кўрсатилган оилалар сони эса 16 663 тадан иборат. Хусусан, 12692 оилага озиқ-овқат, 4742 оилага дори-дармон етказиб берилган бўлса, 434 оилага бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар ижтимоий тармоқдаги Телеграмм канали орқали ҳам ўз мурожаатларини йўлламоқда. Маҳалла фаоллари эса ҳар бир хонадондаги аҳволни ўрганиб, ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатини тақдим этишяпти. Хуллас, ҳеч ким эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Тадбиркор ва саховатли инсонлар ҳам савобли ишлардан четда туришгани йўқ. Зангиота_туманидаги “Simma Hotel SPA & Water Park” меҳмонхонаси раҳбари эса 50 та кам таъминланган оила учун зарур озиқ-овқат ҳамда шахсий гигиеник воситаларни етказиб берди.

Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши депутати Олтиной Тадженова “Йўнғичқоли”, “Ким Пен Хва”, “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатмоқда.

Куни кеча Янгийўл туманидаги “Чангтепа” ва “Чаманзор” маҳаллаларида кўчма савдо шохобчалари ташкил қилиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилди. Худди шундай тадбирлар Қибрай туманида ҳам ташкил этилди. Аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 21 турда, жами 75 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари захираси яратилди. Ўрта Чирчиқ туманинг “Қайтмас“, “Жалойир“, “Қорасув“ маҳалла фуқаролар йиғинларида туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.