Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эй, сиз бу оламда хирмони борлар...
11:54 / 2020-04-20

Деҳқон телевизор кўради. Ёмғирли кунлар чўзилиб боради.


Деҳқон телевизор кўради. Ёмғирли кунлар чўзилиб боради. Деҳқон зерикканидан ҳам ойнаи жаҳонга термулади. Телевизорда каналлар кўп. Бунисида сериал, бунисида футбол. Яна бировида қўшиқ тинмайди. Деҳқон бўлари гапнинг эгаси. Унга аниқ, реал гап керак. Шу боисдан у “O‘zbekiston-24”ни кўради. Маълумотларни эшитади. Ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги бўйича фармойиш ва тавсияларини кўришни истайди. Аммо сурункали ёмғир сабаб кўчадан уйга қамалиб қолган набиранинг ахборот кўргиси келмайди. У бобонинг кўзини шамғалат қилиб пультни об қочади ва уй тўрига ўтиб телевизорни “Bolajon”га бурайди. Деҳқон эндигина фарғоналик деҳқоннинг парникдаги пиша бошлаган помидорларини ҳавас ва иштиёқ билан кўраётган маҳал экранда Маугли ҳақидаги мультик бошланиб кетади. Деҳқоннинг кайфи учади. Бобо-невара пульт талашади. Ташқарида деҳқоннинг ичини эзиб, чўпоннинг кўнглини ўстириб баҳор ёмғири шивалайди...

***

Деҳқон неварасига ёмғир тинса, дўкон очилса, ичидан совға чиқадиган кукуруз олиб беришни ваъда бериб телевизорни яна “O‘zbekiston-24”га буради. Ахборотда энди бошқа лавҳа бўлаётган бўлади. Журналист Ислом Қорабоев коронавирус бўйича бир мутахассис билан мулоқот қилади. Титрда “Коронавирусга чалинганлар сони 1565 нафар” деган ёзув кўринади. Журналист ҳам шу гапни таҳлил қилаверади. Деҳқон кечагидан кўра касаллар сони кўпайганини англайди. Ичида “астағфируллоҳ” деб қўяди. Экрандаги мутахассис синовли келган йилда қишлоқ хўжалигининг аҳволи, унга кўрилаётган ҳозирлик хусусида гапиради. Деҳқон жон қулоғи билан эшитади. Мамлакат бўйича фалон минг тонна ғалла, тағин қанча полиз ва сабзавот ҳосили кутилаётган экан. Деҳқоннинг хаёли томорқасидаги пиёзга, сўнг ғалласига кетади. Йил синовли эканини, ўз тилида айтганда белни беш жойидан боғлаш лозимлигини англайди у. Атрофига қарайди. Ўғли телефон ковлаб ёнбошлаб ётади. Невараси эриниб ухлаб қолган бўлади. Деҳқон пиёзидан 20 тонна ҳосил умид қилади. Ғалладан икки-уч рўзғорга етгудай нон ҳосилини умидлайди. Телевизорда айтилган тонналарнинг ичида ўзининг улуши ҳам борлигини туйган деҳқон, мутахассиснинг ўзига, яъни деҳқонга орқа қилиб маълумот бераётганига ишонади. Деҳқоннинг юзи жиддийлашади. Энди экранда эпидемиянинг хориждаги ҳолатидан гап боради. Деҳқон унга қулоқ бермайди. Ўз хаёли билан чўнтагидаги телефонни олиб унинг ҳисоблагичини очади. Ва ҳисоб-китоб қила бошлайди. Пиёз эккан ерга 3 тележка гўнг берган, Чори тракторчи фалон сўмга ерни шудгорлаган, бир яшар танани сотиб 8 халта ўғит олган. У ҳам пиёзга кетган. Охирги халтасини бугунги ёмғир остида тиззагача лойга ботиб пайкалига сепиб чиққан. Фалон сўмга ҳашаротга қарши дори олган. Жамааси (деҳқон жами деган сўзни шундай айтади) фалон сўм харж қилган. Пиёзининг авжи зўр. Ёмғир тезроқ тинса, кун қизиса, касал доримаса кутилгандай хирмон кўтаради. Мўлжалдагидай сотади. Ҳаммасини қоплаб кетади...

Ахборотда ернинг сейсмик товушлари пасайгани, бунга сабаб ер шарида техникаларнинг кам ҳаракатланаётгани экани айтилади. Деҳқон бу гапга кўп қизиқмайди. Чунки бу гапларни у кўпам тушунавермайди. Энди бошқа каналга олмоқчи бўлган пайт экран титрида Нигериядаги далаларда чигиртка босқини бўлгани, қанча минг гектар майдонда ҳосил нобуд бўлгани ёзилади. Деҳқон олис Африка қитъасидаги (деҳқон Нигериянинг Африкада эканини ҳам билмайди.) бу хабардан жунжикиб кетади. Деҳқон-да, ўша манзилдаги далани ва унда нобуд бўлган ҳосилни, алам билан ер чизиб ўтирган олисдаги ҳамкасбининг ғамгин ҳолини ўйлайди...

***

Шаҳри азимнинг баланд қаватли уйларидан бирининг зинасидан кўзойнакли, ниқоб таққан, пўримгина йигит бозорлик қилиб, ҳарсиллаб уйига кўтарилади. Пешвоз чиққан аёлига:

– Янги пиёз кўпайиб қолибди. Нархиям арзонлабди, – дейди.

Бу йигит бу пиёзни етиштирган деҳқоннинг ёмғирли оқшомдаги хаёлу ташвишларидан хабари йўқ, албатта.

Деҳқоннинг ҳам қадоқ қўллари нафақат ўз шаҳарларига, балки ўзга мамлакатларга ҳам ҳосил етказиб бераётганидан таъмаси йўқ. Бу менинг ишим, ризқим, насибам, боз устига бурчим, деганга ўхшаш хаёллари бор унинг. Аммо бу мушоҳадаларни ҳам сўзда ифодалаб беролмайди у. Ҳожати ҳам йўқ.

Қуёш интиқиб келадиган она Ўзбекистоннинг бир буржидаги бу деҳқон ўзининг иссиқ меҳри, сўз билан ифодалаб беролмайдиган бегидир муҳаббати дунёни коронавирус каби иллатлар палласида ҳам обод этишини, маъмур қилишини билмайди. Билса-да, хижолат бўлгандай елка қисиб қўяди. Мақтаниш, марсиниш унга сира ўтиришмайди.

У ўзининг азиз ерини, унинг кунгай ё соятоб эканини, ҳар йили ҳосил етказиши зарурлигини, бу йил фарғоналик деҳқонникидай парник қуриши лозимлигини ўйлайди. Шуни билади, ўзини шунга чоғлайди.

Бундай қадрдон чеҳралар, хирмон кўтариб оламни тўйдирса-да камсуқум бўлган бундай сахолар азиз диёрда ўн эмас, юз эмас, минг-минглабдир. Уларнинг ўй-хаёллари, ташвиш ва орзуларини тинглаб, кўриб беихтиёр

Деҳқон елкасига ўхшаган қирлар,
Деҳқон умидидай бўйлаган бошоқ.
Эй, сиз бу оламда хирмони борлар,
Эй, сиз бу оламга бергани кўпроқ.

дейсан...

...Кўнгли даласидай кенг бу инсонлар елкадош экан, Ўзбекистон ҳар қандай синовни енгиб ўтиб кетади. Чунки доимо шундай бўлган!