Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Евросиё тараққиёт банкига аъзо мамлакатлар иқтисодиёти қачон тикланиши мумкин?
16:26 / 2020-05-14

Россия Федерацияси ва Қозоғистон томонидан 2006 йилда таъсис этилган Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларнинг бу йилги иқтисодий ривожланиш истиқболлари бўйича маъруза тайёрлади.

Россия Федерацияси ва Қозоғистон томонидан 2006 йилда таъсис этилган Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларнинг бу йилги иқтисодий ривожланиш истиқболлари бўйича маъруза тайёрлади. Айни пайтда ушбу молия муассасасига Россиядан ташқари Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо ҳисобланади.

Евросиё тараққиёт банки (ЕОТБ) мутахассислари мазкур давлатларнинг пандемия туфайли турғунликни бошидан кечираётган иқтисодиёти 2020 йилнинг иккинчи ярмида ўзига кела бошлашини ва бу жараён кейинги икки йилда давом этишини башорат қилмоқда. Банк таҳлилий ишлар бўйича дирекцияси тайёрлаган “Микрообзор ЕАБР: янгиланган прогноз” деб номланган маърузада шулар ҳақида гап боради.

ЕОТБнинг фикрича, минтақа иқтисодиётини қўллаб-қувватлашда ҳукумат томонидан кўрилган кенг кўламли чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Чора-тадбирлар дейилганда асосан ушбу мамлакатларнинг солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати назарда тутилмоқда. Уларнинг амалга оширилиши COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни юмшатишга имкон беради ва эпидемиологик вазият яхшиланган сари иқтисодий фаоллик ҳам ўз изига тушиб кетишига шароит яратади.

ЕОТБга аъзо мамлакатларнинг иқтисодий фаолияти 2020 йил март ойи охири апрель ойининг бошларида сезиларли равишда ўзгарди. Йирик иқтисодиётга эга давлатларда COVID-19 пандемияси тарқалиши ортидан қаттиқ карантин тартиблари жорий қилиниши жаҳон иқтисодиётининг ўсиши бўйича истиқбол кўрсаткичларининг қайта баҳоланишига сабаб бўлди ва салбий томонга ўзгариши таъкидланди. Касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган кескин чоралар оқибатида хомашёга бўлган ташқи талаб пасайиши ҳамда нарх-навонинг тушиб кетиши банкка аъзо давлатларнинг аксариятида, тўғрироғи бутун минтақада иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ЕОТБ юқорида қайд этилган омилларни ҳисобга олган ҳолда, макроиқтисодиёт бўйича прогнозларини қайтадан кўриб чиқишни устувор деб билади, дейилади материалда.

ЕОТБ таҳлилчилари COVID-19 пандемиясининг банкка аъзо давлатлар иқтисодиётига таъсирини иккита асосий гуруҳга бўлмоқда. Биринчи йўналиш гуруҳи ташқи иқтисодиёт коньюнктураларининг мураккаблашуви бўлиб, минтақа мамлакатлари экспортига ташқи талабнинг пасайиши, экспорт қилаётган хомашё маҳсулотларининг нархи арзонлашуви, қўшимча қиймат яратишнинг глобал занжирида юз берган узилишлар, пул ўтказмалари миқдорининг қисқариши, бизнес кайфиятининг ёмонлашуви ҳамда молиявий муҳитнинг кескинлашуви сабабли кўриладиган даромадларнинг тушиб кетишини назарда тутади. ЕОТБ экспертларининг ҳисоб-китобича, ташқи омиллар таъсирида банкка аъзо мамлакатлар ялпи ички маҳсулоти 2020 йилда тахминан 2 фоизини йўқотади.

Иккинчи йўналиш гуруҳи эса минтақа мамлакатларида коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида жорий қилинган ички чеклов чоралари билан боғлиқдир. Ушбу чекловлар мамлакат иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг тушиб кетишига сабаб бўлади. Булар, биринчи навбатда, хизмат кўрсатиш соҳаларига тегишли. Банк таҳлилчиларининг фикрича, карантин туфайли ЕОТБга аъзо давлатларнинг йиллик ялпи ички маҳсулотидаги йўқотиш тахминан 1,5-2 фоизни ташкил этади.

Маърузада таъкидланганидек, юқорида қайд этилган омиллар таъсирида аъзо мамлакатлар ялпи ички маҳсулоти 2020 йилда 2,2 фоизга қисқаради, ҳолбуки ўтган йили у 1,7 фоизга ўсган эди. Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Арманистонда (тегишлича, 2,3, 1,0, 3,3 ва 1,7 фоизга) тушиш кузатилса, Қирғизистон ва Тожикистонда иқтисодий ўсиш суръати (тегишлича 0,1 ва 5,5 фоиз) сезиларли равишда пасаяди.

Миллий валюталарнинг кучсизланиши жорий йил биринчи чорагида импорт товарларнинг нархига босим ўтказди. Бу эса 2020 йилда минтақанинг аксарият мамлакатларида инфляциянинг тезлашувига асосий омил бўлиши мумкин. Товар ва хизматлар нархига нисбатан курс ўзгаришининг таъсири чекланган бўлади. Бунга яна ЕОТБга аъзо мамлакатларнинг аксариятида валюта курслари инфляцияга мослаштирилиши самарасининг пасайиши ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, ҳозир башорат қилинаётган асосий савдо шериклар ҳисобланган мамлакатларда кучсизланган ички талаб ва нарх-наво пасайиши ҳам сезиларли дезинфляция таъсирини кўрсатади. 

Ушбу омилларнинг кучли таъсири, айниқса, 2021 йилда яққол сезилади ва бу ЕОТБга аъзо давлатларнинг кўпчилигида инфляциянинг секинлашувига олиб келади ва бу монетар сиёсатни юмшатишга шароит яратиши мумкин.

ЕОТБ экспертлари таъкидлашича, дунёда ҳамда мазкур банкка аъзо мамлакатларда иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболидаги ноаниқликлар юқорилигича сақланиб қолади. Минтақа давлатлари учун макроиқтисодий ривожланиш COVID-19 пандемиясининг қандай кечишига боғлиқ. Дунё иқтисодиётида салбий тенденциялар чуқурлашиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Бу эса келгусида банк аъзоларининг экспортидаги асосий товарлар учун нарх-наво тушиб боришига сабаб бўлади. Минтақа мамлакатларида эпидемиологик вазиятни олдиндан билиш жуда мушкул, шу боис карантин чораларининг қачон бекор қилинишини ҳеч ким олдиндан айта олмайди.