Европа парламенти депутати, Ўзбекистон бўйича маърузачи Илхан Кючюкка Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фахрий доктори унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ЕИ Делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан ва Европа қўшнилик кенгаши бошқарувчи директори Самуэль Довери ҳам иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев меҳмонларни йиғилганларга таништирар экан, улар мамлакатимизнинг азалий дўстлари экани, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
– Талабалар ва ўқитувчилар билан учрашиш, жамоа кўз ўнгида университет фахрий доктори унвонини қабул қилиб олиш мен учун катта шараф, – деди Ильхан Кючюк. – Ўзаро алоқалар яхшилаш, жумладан илм-фан йўналишини ривожлантиришга ҳисса қўшишда давом этаман.
Европарламент депутати ЕИ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги истиқболига тўхталиб, умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган муҳим вазифаларни санаб ўтди.

Учрашув якунида талабалар Европа Иттифоқига интеграциялашув, таълим алмашинуви дастурлари, ногиронлар ҳуқуқи каби долзарб мавзуларга оид кўплаб саволларига меҳмонлардан батафсил жавоб олишди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА