Европарламентнинг Ўзбекистон бўйича маърузачиси Илхан Кючук бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар вилоятда Европа иттифоқи мамлакатлари ҳамкорлигида ташкил этилган саноат корхоналари фаолияти билан танишди. Шунингдек, Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар томонлар учун мунфаатли бўлмоқда.
Биргина Самарқанд вилоятида бугунги кунда Европа мамлакатлари компаниялари билан ҳамкорликда 60 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йил минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 395 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Европа давлатларидан Самарқандга келаётган сайёҳлар сони ҳам сўнгги йилларда ортган. 2022 йилда уларнинг сони 150 минг кишини ташкил этди.
Томонлар Европа Иттифоқи билан муносабатларни, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, туризм, таълим ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА