Европанинг энг йирик уч давлати қўшма баёнот берди
Франция, Германия ва Буюк Британия раҳбарлари Яқин Шарқ ва Украина бўйича қўшма баёнот берди. Мазкур ҳужжатда Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод этиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини қайта тиклаш бўйича келишув олқишланган. Етакчилар АҚШ Президенти Дональд Трампга ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишдаги етакчилиги учун миннатдорлик билдириб, томонлар битимга тўлиқ риоя қилишлари муҳимлигини таъкидлаган. “Учлик” кейинги музокараларни ҳам қўллаб-қувватлаш, келишувни ҳаётга татбиқ этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаслигини таъминлайдиган барқарор, тасдиқланиш имконияти мавжуд келишувга эришиш учун Теҳрон ва Вашингтон билан музокарани қайта бошлаш зарурлигини таъкидлаган.
Баёнотда Украинадаги вазиятга ҳам эътибор қаратилган. Томонлар "Россиянинг Украинадаги муҳим инфратузилмага ҳужумлари"ни қоралаб, Москвага босимни кучайтиришга ваъда берган. Музлатилган РФ активидан Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш ва можарони тугатиш учун Россияга босим ўтказишда фойдаланишга чақирган.
С.Раҳимов, ЎзА