Европа минтақасида иш ҳақлари 2022 йилдаги юқори инфляция “зарба”сидан сўнг аста-секин тикланмоқда. Европа Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йил бошига келиб еврозонадаги реал маошлар инфляциядан олдинги — 2021 йил охиридаги даражага деярли қайтган.
Халқаро ташкилотлар 2025–2026 йиллар учун расмий ҳисоботларни ҳали эълон қилмаган бўлса-да, “Employment Conditions Abroad” (ECA) томонидан ўтказилган сўровнома Европада иш ҳақлари қандай ҳолатда эканини очиқ кўрсатмоқда.
ECA ҳисоботига кўра, 2025 йил якунига қадар Европа давлатларининг 25 тасидан 23 тасида реал иш ҳақи ўсди. Фақат Руминия (–0,9%) ва Украинада (–3,2%) пасайиш кузатилган. Қолган ҳудудларда 0,2 фоиздан (Австрия) 5,1 фоизгача (Туркия) ўсиш қайд этилган.

Бу борада Туркия мутлақ етакчи: 40 фоизлик номинал маош ошиши ва 34,9 фоиз инфляция ҳисобга олинганда, реал ўсиш 5,1 фоизни ташкил қилади. Ундан кейин Болгария ва Венгрия жойлашган.
2026 йилдаги манзара ҳам шу ҳолатда бўлиши кутилмоқда, жумладан, Туркияда реал иш ҳақи ўсиши 8,1 фоизгача чиқиши мумкин. Венгрия, Польша, Чехия ва Болгария ҳам юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш эҳтимоли юқори. Иқтисодчилар буни Шарқий Европада молиявий ўсиш суръатларининг тезлиги ва меҳнат унумдорлиги ошиши билан изоҳламоқда.
Тахминларга кўра, Европанинг йирик иқтисодиётлари орасида 2026 йилда Франция энг юқори реал маош ўсишини қайд этади. Ундан кейин Германия, Италия ва Буюк Британия келади. Айниқса, Бирлашган Қиролликда номинал маошлар сезиларли ошса-да, юқорироқ инфляция бу фойдани қисман “йўққа чиқаради”.
Мусулмон Зиё, ЎзА